Икром Алибоев билан суҳбатлашиш ниятида “Локомотив” матбуот хизмати вакили Маъмур Мамадалиев билан боғландим. У Икром билан гаплашиб кўргач алоқага чиқишини айтди. Телеграм орқали хабар келганини кўргач, уни очдим. Маъмур менга Икром жўнатган овозли хабарни “форвард” қилган экан. Алибоев “Чемпион” менинг энг яхши кўрган газетам-ку, улар ўн марта интервю сўраса ҳам йўқ демайман” деганини эшитиб, у билан суҳбатни бошладим.

Икром, бой ва ўзига тўқ оиладан зўр спортчи чиқиши қийин деган фикрга қандай қарайсиз?

— Бу фикрга унчалик қўшилмайман.  Аввало ҳар бир спортчининг ўзига боғлиқ. Агарда ўша бой оила фарзанди меҳнат қилса, ўз устида тинимсиз ишласа, албатта ундан ҳам зўр спортчи чиқади деб ўйлайман.

Спортни ҳамма турли мақсадларда танлайди. Футболчи бўлишни мақсад қилганингизда сиздаги бош мақсад қандай бўлган?

— Менинг бош мақсадим юртимиз шарафини ҳимоя қилиш эди. Худога шукр, бу мақсадимга эришдим, миллий терма жамоа таркибида ўйнадим. Футболчи бўламан деган одам борки, ўз миллий терма жамоасида ўйнашни бош мақсад деб билади. Менда яна бир катта мақсад бор. Футболи тараққий этган мамлакатда легионер сифатида ўйнаш.

Ҳар қандай истеъдод аввало оилада шаклланади. Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз?

— Ўзига тўқ оилада дунёга келганман. Оилам ҳақида гапирсам, мен кенжа фарзандман. Мендан ташқари акам ва опам бор. Акам мендан нақ 9 ёш катта, опам эса 6 ёш. Футболни танлашимга эса акам сабабчи. Ўзим футболчи бўлолмадим, сен бўлишинг керак деб қўлимдан етаклаб Янгиер футбол мактаб интернатига олиб борган. Чунки акамни футболчи бўлишига ота-онам рози бўлмаган.

Сиз тўпни эгаллаб олганингиздан кейин уни йўқотишдан умуман қўрқмайдигандек таассурот уйғотасиз. Бунчалик юксак ишонч ниманинг натижасида пайдо бўлган?

— Болалигимдан мураббийим Рустам Орипов менга айтиб келади, агар футбол уйнашдан қўрқсанг унда майдонга тушма деб. Балки шунинг ҳисобига бўлса керак. Мен доимо ўзимга такрор-такрор айтадиган гапларим бор: ҳар доим майдонга тушишимдан аввал бу шунчаки оддий ўйин, майдонга чиқиб хотиржам тўп тепиш керак дейман. Хоҳ у Осиё чемпионлар  лигаси бўлсин, хоҳ ўзимизнинг миллий чемпионат бўлсин. Шу иккита нарса ҳисобига ҳаракатларимда ишонч бордур…

“Локомотив”да ўйнашдан қанчалик роҳатланяпсиз?

— “Локомотив”да футболдан тўла роҳатланяпман. Бу ердаги ҳамма нарса, яратилган шароитлар мени қониқтирмоқда.

Йил бошида Жепаров ва Махарадзе сингари сиз билан бир амплуада ўйнайдиган футболчилар “Локо”га келди. Рақобатдан чўчимадингизми ўшанда?

— Сервер ака билан Кахи Махарадзе клубимизга келиб қўшилганида мен клуб ихтиёрида эмас эдим. Олимпия терма жамоаси билан билан ўқув машгулотлар йиғинида қатнашаётган эдим. Бу янгиликлардан фақат ва фақат хурсанд бўлдим. Биринчидан, клубимиз кучайди, иккинчидан, рақобат ошди. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Бу трансферлар мени янада кўпрок меҳнат қилишга ундади. Яна бир гап айтаман, Сервер ака ва Кахидан машгулотларда кўп нарсаларни ўрганяпман, улар ҳақиқий профессионал.

Янги мураббий сизни миллий терма жамоага чақирмаяпти. Бу сизга руҳан таъсир қилмаяптими?

— Миллий терма жамоа мураббийининг карорини ҳурмат қиламан. У кимни кучли деб билса, ўшаларни чақирмоқда. Демак миллий термага чақирилишим учун ҳали кўп меҳнат килишим керак. Бу мени руҳан янада кучли қилмоқда, машгулотларда янада кўп тер тўкишга ундамоқда. Қисқаси, янада кучли бўлишга интиляпман.

Миллий терма жамоа сафида ўйнадингиз. Ўша ўйинлардан олган таассуротлар қандай бўлганди?

— Миллий термадаги дебют уйиним кечагидек ёдимда. Эронга қарши уйинга тушишимни Миржалол Қосимов бир кун аввал айтганди. Мен яна ичимда ўзим учун машҳур сўзларни айтдим, бу оддий уйин, уни уйнаш керак. Ўйинга тўхталадиган бўлсам, дебют учун унчалик ёмон уйнамагандим. Фақат ютқазиб куйганимиз чакки бўлганди. Терма жамода энг ёш уйинчи эдим, жамоадагилар мени қўллаб-қувватламаганда дебютим балки яхши бўлмасмиди. Келинг, иккинчи уйинимни эсга олмай қўя қолайлик.

Фаолиятингизда Вадим Абрамовнинг ўрни катта эканига шубҳа йўқ. Мирко Йелечич билан Карленични солиштирганда қандай фарқ бор?

— Унчалик катта фарқни кўрмадим, иккиси ҳам тажрибали мураббийлар. Карленович тавакалчиликни яхши кўради, агар шундай бўлмаганда ҳозир мен ҳам бу даражага етмасдим. Мирко эса ўйинда интизомга катта этибор беради. Уни тактикасига кўра ҳар бир уйинчи катта ҳажмдаги ишни бажариши керак. Умуман олганда, иккиси ҳам жамоавий уйинга катта эҳтибор қаратади.

Жепаров, Кападзе, Махарадзе ва Шоаҳмедов. Шу тўрт футболчига қисқа таъриф беринг.

— Тўрталаси ҳам профессионал, ажойиб футболчи ва ака, ўз ишининг усталари. Улар билан уйнаб факат завқ олиш мумкин.

Нимадандир афсусланасизми?

— Ҳаётда афсусланадиган нарсалар кўп бўлади, лекин афсусланишдан фойда йўқ деб ўйлайман. Афсуслангандан кўра шу хатони иккинчи марта такрорламасликни уйлаш керак, фикримча. Футболчи бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Яна 100 марта қайта туғилсам яна шунча марта ҳаётимни футбол билан боғлардим.

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.

Фикр билдириш