Футбол ўз амбициялари билан чиройли, ҳар қанақасига олиб қараганда ҳам. Унинг бу жиҳатларини ҳурмат қилишни истамаган кишилар кўп ҳолларда панд еганига гувоҳ бўлганмиз. Бир неча йиллик чиройли анъаналарнинг биргина ёки бир неча шахс туфайли ўзгариб кетиши мухлисларга оғир ботишига кўплаб мисолларни қалаштириш мумкин. Мен бугун шуларнинг фақат 1 тасига — ўзимизга тегишлисига тўхталиб ўтишни истардим.

Мактабда ўқиб юрган кезларим синфдошларим билан “Пахтакор” иштирокидаги марказий ўйинларни кўришга бориб турардик. Бугун чойхонада ўша йигитлар билан бирга бўлиб, уларнинг кўпи ҳозир футболга умуман қизиқмаслиги ҳақида ўйлаб қолдим. Лекин ўша вақтларда “Пахтакор” стадионига ошиқишар, футболга меҳри бўлакча бўлган мендан аввалроқ чипта муоммосини ҳал қилиш ҳақида қайғуришарди. Жамоани стадиондан туриб қўллаб-қувватлаш уларга завқ бағишларди.

Бугун эса ўша “Пахтакор” стадиони ҳувиллаб қолган. Менга турли сабабларни рўкач қилиб кўрсатишлари ортиқча. Балки додам давридаги аншлаглар ҳақида гап кетиб, менинг ўзим мухлис тўла стадионни кўрмаганимда эди, балки ишонтириш осонроқ бўларди. Бироқ мен “Металлург”га қарши ёмғирли ҳавода кечган учрашувга-да оқиб келган мухлисларни ўз кўзим билан кўрганман, кейинроқ уларнинг қадами стадиондан узилиб қолганини ҳам.

Мен қайсидир инсонни бунга айнан айбдор деб кўрсатишни истамасдим. Бироқ ишқибозлар ташрифининг кескин камайиши айнан қайси йиллардан бошланганини мен каби сиз ҳам яхши биласиз. Жамоа ҳаддан ташқари кучайиб кетди. Бироқ “Пахтакор”нинг юришлари мухлислар меҳрини тошириб юбормади. Ҳар қанча уринманг, фикримни ўзгартирмайман: томошабинни алдаб бўлмайди.

Ҳа, алдашнинг иложи йўқ. Уларга ясама натижалар, сунъий тузилган жамоа керак эмас, бу стадион бўшаб қолганида ҳам яққол кўриниб турибди. “Пахтакор”нинг ҳар бир ўйинига ташриф буюрадиган фанатлари ҳафа бўлишмасин, улардан гина йўқ. Аммо уларнинг ўзлари ҳам стадионда зерикиб қолаётганларини ич-ичларидан тан олишади. Чунки улар ҳам мен каби мухлис тўла аренани соғинади.

“Пахтакор” ўз амбицияларига қарши борди. Балки ўша амбицияларга эътибор қилмайдиган одамлар томонидан қўлга киритилгани учун ҳам шундай бўлдими, деб ўйлаб қоламан. Ўша Жепаров ва ўша Нестеровлар, Кападзе-ю Гейнрихлардан тузилган жамоа сунъий бўлиб чиқди. Терма жамоа асосини яратгандек бўлдик, бироқ бу билан Олий Лигага бўлган интригани ўлдириб қўйишди. Қайтага водий клублари қутуриб кетган пайтлар файзлироқ бўлиб кўрина бошлади. Мен Саркисян ҳалол ишлаган ёки йўқ қабилидаги саволлар билан ўралашиб қолишни истамайман. Бироқ унинг каби кишилар бор вақтда рақобат нисбатан соғломроқ эди.

Бугунги “Пахтакор”дан эса унинг асл одамлари кетиб бўлди. Игорь Шквирин деган ҳужумчини ҳаммамиз эслаймиз. York ёзуви бор либосида “Пахтакор” учун урган голларини эсдан чиқармаймиз. Бугун эса ўша таран ҳужумчи Олмалиқ томонларда тентираб юрибди.

Азамат ва Биродар Абдураимовлар-чи? Нима қилган тақдирида ҳам улар “Пахтакор”га тегишли одамлар бўлган. Бироқ уларнинг қадами ҳам ўша стадиондан узилиб қолган.

Миржалол Қосимовнинг “Пахтакор” учун қилганларини унутиб бўлмайди. Клуб эса у билан футболчи вақтидаёқ хайрлашиб қўя қолганди. Кейинчалик унинг қадамлари ҳам умуман бошқа клубни оёққа турғазиш учун хизмат қилди. Ва бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин. Одамлар “Пахтакор”дан бутунлай кўнгил узиб кетди демоқчи эмасман. Аммо улар учун стадион муқаддаслиги қолмади. Бу эса ҳақиқий фожеа.

Сиз ўйлайсизки, “Пахтакор”да Бабаян чизган чизиқдан чиқмайдиган мураббийлар мен юқорида санаган инсонлардан кучлироқ эдими? Ҳаммангиз йўқ деб жавоб беришингизга негадир ишончим бор. Шунчаки улар ўзларини қадрламаган муҳитга қайтишни истамайди.

Мен бу борада “Бавария”га қойил қоламан. Клуб структураси ўз вақтининг моҳир футболчилари устунига қурилгани ҳавасимни келтиради. Франц Бекенбауэр, Карл-Хайнц Румменигге, Маттиас Заммер каби инсонларнинг хизматини “Бавария” унутиб қўймаган. Бу клуб вақти келиб Филипп Лам ва у билан елкама-елка тўп сурган йигитларни ҳам унутмаслигига ишонаман.

Бабаян миллий терма жамоа рулида керагидан кўп танқид қилинаётганида ҳам мана шу нарсалар ётибди, у буни тушуниши керак. Унинг терма жамоа тепасига келиши айнан шунинг учун кўпчиликни хурсанд қилмаган. Чунки мухлисни алдаб бўлмайди. Мухлис эса Олий Лига интригаси қачон, нега ва кимлар томонидан ўлдирилганини яхши билади. Айтолмаса ҳам билади, тушунади, ҳис қилади.

Футболимиз мухлислар ҳиссиёти билан керагидан кўп ўйнашди ва уларни бездириб қўйди. Ўша мухлислар орасида мен ҳам борман. Ўша мухлислар орасида бугун мен билан чойхонада ўтирган синфдошларим ҳам бор. Сизни билмадим-у, мен 36-сектори билан машҳур ўша “Пахтакор”ни соғинаман. Уни ҳаммамиз яхши кўрардик, авайлардик. Биринчи севги охирига қадар бўлишига ишонаман. Лекин баъзида уни ичингга кўмиб, ташқарига чиқармай юришни афзал биласан. Одатда унинг қадрига етилмаганида шундай бўлади.

Фикрлар

  • oybeckxem 28 / 11 / 2016 Reply

    Yaxshi chiqibdi

  • revenger 28 / 11 / 2016 Reply

    Dodangizning “Futbol -quvonchim, dardim, faxrim ” kitobini o’qib chiqqanman. O’sha kitob menda afsonaviy o’sha Paxtakorni hayolimda jonlantira olgan! Krasnitski, Isoqov, An, Fyodorov…. ular muhlislar uchun o’ynashgan. To’gri muhlislarni aldab bo-lmaydi. Umuman o’yinlarda joziba yo’q. Men G’uzorlikman. 2009-2012 yillarda Sho’rtan haqiqatda muhlislar uchun o’ynardi va stadion to’lardi. Endi esa… shaxsan men o’yinlarga tushmayman. Hisob qanday bo’lishini tagmin qilaman va 90 foiz to’g’ri topaman… qachon qiziysan sen ey bizning futbol!!!???

  • Revenger 28 / 11 / 2016 Reply

    Navbahor – Norin bo’lib o’tadigan stadion ahvolini qaranglar. Championat.asia dan…. Pfl shunday bahslarni lokomotiv zimmasiga yuklatib jim o’tiribdi. Loko ham boplabdi. O’tkazaver mana stadion deb. Bir myhlis aytganidek: “4 ta bomshga 4 shisha aroq oli beriwsa tozalashardi”… PFL… NIMA DEB ATASHNI ham bilmaymiz…

  • Jahongir 28 / 11 / 2016 Reply

    Tepadegi rasmdegi holat judayam achinarli. Maydon zor! Hovo zor! Lekin stadion bom-bosh…

  • Muhammadamin Toshkandiy 28 / 11 / 2016 Reply

    Babayanni ko‘rishni boshlamaganingizda ham u Paxtakorda edi…

Добавить комментарий