Англия чемпионатининг жорий мавсумида энг ҳужумкор, энг чиройли ва энг кучли ўйин кўрсатаётган жамоалардан бири “Ливерпул”дир. Клопп шогирдлари бир неча асосий рақиблари устидан яққол ғалабага эришдилар. Кучсизроқ жамоаларга қарши ўйинда эса, йирик ҳисобларни қайд этмоқдалар. Умуман, Юрген Клоппнинг жамоани бошқарганига тўлиқ бир йил ўтган бўлса, шу давр мобайнида “Ливерпул” энг сермаҳсул жамоа бўлиб турибди.

Хўш, буюк тарихга эга бўлган, аммо Англия Примьер Лигасида ҳали бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган “Ливерпул” ниҳоят бу мавсумда чемпион бўлиши мумкинми? Жамоанинг навбатдаги юришига нималар халақит беради? Келинг, шу саволларга жавоб излаб кўрайлик.

Олдиндан айтиб қўяй, масалан ўтган йилнинг шу пайтида, “Лестер чемпион бўла олмайди” сарлавҳаси билан бундан ҳам каттароқ мақола ёзиш мумкин эди. Аммо жуда кўп мутахассислариннг тахмини чиппакка чиқиб, чемпион бўлишдан кўра, бўлолмасликка сабаблари кўпроқ бўлган “Лестер” вазифани уддалай олди. Шундай бўлса-да, “Лестер”нинг  чемпион бўлиши умумий қоидаларни чилпарчин қилмади, шунчаки, истисно тариқасида амалга ошди холос. Яъни ундан олдинги барча чемпионлар “Лестер”дан фарқли жамоалар бўлган ва бугун “Ливерпул”ни айнан ўша аввалги чемпионлар билан солиштирамиз.

ТАРКИБНИНГ ҚИСҚАЛИГИ

“Челси” захирасида Фабрегас, Терри, Иванович, Виллиан, Оскар каби футболчилар ўтирибдилар.  Навас, Нолито, Сане, Коларов, Санья, Туре, Фернандолар эса “Манчестер Сити”нинг захира ўриндиғидир. Бу жамоалар чемпионлик курашида “Ливерпул”нинг асосий рақибларидир. Ҳатто “Тоттенҳэм” ва “Манчестер Юнайтед” захира ўриндиғи ҳам “Ливерпул”дан анчагина устунлиги яққол кўринади.

1

Клопп эга бўлган таркибга эътибор берадиган бўлсак, жамоанинг асосий таркиби рақиблар билан рақобат қила оладиган даражада, аммо, керакли пайтда ротацияни амалга ошириш имкони жуда оз. Фирмино-Коутиньо-Мане учлиги киритилган голлар ва голли паслар бўйича лигада юқори кўрсаткични намойиш қилаётган бўлишса-да, керакли пайтда уларнинг ўрнини тўлдириш қийин. “Ливерпул”нинг бугунги ажойиб натижалари айнан мана шу футболчиларнинг юксак спорт формасига таянгандек таассурот қолдирмоқда.

“Ливерпул”нинг еврокубоклардан ҳоли экани, жамоанинг бир таркибни юқори нотада ушлаб туриш имконини бераётгандир, аммо яқинда “боксинг дэй”лар бошланади, бундан ташқари, футболчиларнинг бутун мавсум юқори формада бўлиб туришлари имконсиз. Мабодо жамоа қачондир ана шундай “пасайиш” даврини бошдан кечирса, таркибдаги алмаштиришлар орқали даражасини ушлаб туриш осон бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, агар жамоа анварда ҳам чемпионлик курашида яхши имкониятни сақлаб турса, Клопп бир нечта янги футболчиларни сотиб олиши лозим бўлади.

СПОРТ ФОРМАСИ

Август ойининг бошларида “Ливерпул” “Барселона” билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша ўйинда ливерпулликлар нафақат ўйинни ташкил қилиш ва тактика, энг асосийси жисмоний устунлик эвазига испанларни тор-мор этгандилар.

2

Вазиятга баҳо берган мутахассислар бир жиҳатга эътибор қаратдилар. Ўша ўйин “Барселона”нинг мавсумолди йиғинлардаги учинчи назорат ўйини бўлган. “Ливерпул” эса, ўша ўйингача 10 маротаба турли рақибларга қарши майдонга тушиб улгурганди. Яъни Европа клублари ичида, энг биринчи бўлиб ўйин тонусига ва керакли спорт формасига кириб олган жамоа айнан “Ливерпуль” эди.

Мавсумнинг илк ўйинлардаги тақвим жамоа учун жуда қийин эканини ҳисобга олган Клопп тайёргарликни анча эрта бошлаган ва мавсумнинг 1-туриданоқ ҳам жисмоний, ҳам ўйин борасида юқори нуқтада эдилар.

Албатта, бу устунлик қўл келди. “Ливерпул” “Арсенал” ва “Челси” каби жамоалар устидан сафарда ғалаба қозонди. Қийин тақвим бўлса-да, жамоа кўп очко қўлга киритиб, турнир карвонбошисига айланди.

Аммо жамоанинг бошқаларга нисбатан мавсумга анча эрта кириб келишгани жисмоний зуриқиш ва руҳий томондан қишда халақит бериши мумкин. Мавсумга аста секин кириб келиб, ўйиндан ўйинга кучайиб бораётган, бунинг устига, 15-20 нафар асосий таркиб ўйинчиларига эга бўлган бошқа клубларга нисбатан, “Ливерпуль” қийналиб қолиши мумкин.

ЖАРОҲАТЛАР

Клоппнинг Дортмунддаги фаолиятидан ҳам кўпчиликка маълум – унинг жамоаларида жароҳатлар кўп кузатилади. Бу ҳолатни мураббийнинг ўйин услуби билан боғлаш мумкин. Одатда, Клопп жамоалари тезкорликни, прессингни, рақибга нисбатан кўпроқ югуришни маъқул кўришади. Шунингдек, тўп узатмалар асосан курашли зоналарга берилади, тўп назорати доим динамик ва юқори темпда амалга оширилади. Бу эса, рақибга ноқулайлик туғдириш билан бирга, ўз навбатида жароҳатларнинг содир бўлиши имкониятини ошириб юборади.

“Боруссия” доим етакчи футболчиларнинг жароҳатда юришлари билан танилганди. Худди шу ҳолат “Ливерпул”да ҳам кузатилиши мумкин. Тўғри, бугунгача Манчестер клублари, “Арсенал” ёки “Тоттенҳэм”да жароҳатлар кўпроқ кузатилди. Аммо фарқ шундаки, юқорида айтганимдек, бу жамоалар таркибдаги жароҳатланганлар ўрнини ўша савиядаги бошқа футболчилар билан алмаштириш имкониятига эгалар. “Ливерпул” эса бу борада сезиларли кучсизланишни бошдан кечириши мумкин.

LIVERPOOL, ENGLAND - NOVEMBER 26: Philippe Coutinho of Liverpool reacts during the Premier League match between Liverpool and Sunderland at Anfield on November 26, 2016 in Liverpool, England. (Photo by Clive Brunskill/Getty Images)

Мана, “Сандерленд”га қарши ўйинда жамоа етакчиси Коутиньо оғир жароҳат олди ва энди, узоқ муддат жамоасига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Коутиньо жамоа етакчиси, ярим ҳимоя ва ҳужумни боғлаб турган энг асосий футболчи эди. “Ливерпул”га ушбу бразилиялик ярим ҳимоячининг ўрнини тўлдириш осон бўлмайди. Январда эса, яна бир етакчи ҳужумчи Садио Мане Африка Миллатлар кубогига жўнаб кетади.

ЕТАКЧИЛАР

Руни, Агуэро, Коста, Фабрегас, Туре, Лемпард, Скоулз, Гиггз… Бу номлар сўнгги йилларда Англия чемпионатида ғолиб чиққан жамоалар етакчиларидир. Бу футболчилар турнирдаги ғолибликка етиб келгунча, бир неча йил юқори савияда тўп суришган, футбол юлдузларига айланишган ва мантиқий якун ўлароқ, ўз жамоаларини турнир ғолиблигига етаклаб келишган.

4

Мана шу ўлчов орқали қараганимизда, Фирмино, Манэ, Лаллана ёки Эмре Жан каби футболчилар қанчалик иқтидорли бўлишмасин, бугунги кунда қай даражада юқори савияни намойиш этишмасин, юқорида санаб ўтилган футболчилар олдида ғариб кўринадилар. Беихтиёр, “буларга ҳали бор” деб юборасиз. Гап фақат майдондаги иқтидорда эмас, умуман жамоага шахсиятларнинг таъсири ҳақида. Бугунги “Ливерпуль” таркибида қайсидир маънода Жеймс Милнер ўз тажрибаси билан ёрдам бериши мумкин. Аммо бу етарли бўлармикин?

“Ливерпуль” уч йил олдин чемпионликка жуда яқин келганди. Ўшанда ҳам, бугун санаб ўтаётганимиз кўпгина асослар ёрдамида, “Ливерпул”нинг имкониятлари паст баҳоланган. Аммо бугунги “Ливерпул”дан фарқли равишда, у жамоада Стивен Жерард ва Луис Суарес каби чин маънодаги топ юлдузлар бўлган, айнан уларнинг харизмаси ва амбициялари бошқа футболчиларнинг ҳам ўша юқори даражада тўп суришларига сабаб бўлганди. Афсуски, бугунги “Ливерпуль” асосан “Хоффенхайм” ва “Саутҳэмптон”нинг собиқ футболчиларига таяниб турибди.

Албатта, яна “Лестер”га қайтиш мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, бу йилги турнир ўтган йилгидан анча фарқли. Бугунги “Ливерпул” ўтган мавсумда чемпион бўлиши мумкин эди, чунки бу йилги “Челси”, бу йилги “Манчестер Сити”лар ўтган йили йўқ эди.

ТАҚВИМ

“Ливерпул” кучли жамоаларнинг аксарияти – “Арсенал”, “Тоттенҳэм”, “Эвертон”, “Челси” ва бошқалар билан биринчи даврада сафарда ўйнади. Бир тарафдан, жамоа учун бу қулай дейишимиз мумкин, иккинчи даврада “Ливерпул” аосисй рақибларини ўз майдонида қабул қилади ва улар устидан ғалаба қозониб, турнир жадвалида устунликка эга бўлиши мумкин.

Лекин менимча, тақвимда мувозанат бўлиши керак. “Ливерпул” қаторасига ўз майдонидаги ўйинларни мана шу жамоалар билан ўйнайди. Сафардаги ўйинлар эса, рақиб ким бўлишидан қатъи назар қийин ўтиши ҳаммага маълум. Энди тасаввур қилинг, бирин-кетин 7-8 ўйинда “Ливерпул” ғалаба қозониш қийиш бўлган, очко йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган ўйинларда майдонга тушади. Бундай тақвимда ғалабали серияни амалга ошириш учун жамоа айни мавсум бошидаги спорт формасида бўлиши шарт бўлиб қолади. Аксинча бўлсачи?

Айтмоқчиманки, баъзида осонроқ ўйинлар (масалан, аутсайдер билан ўз майдонида) тақвимдаги мувозанатни сақлаб учун жуда зарур. Бу ўйинлар орқали жамоа ўзини ўнглаб олиши, керак бўлса, таркибда ротациялар қилиш орқали янгиланиб олиши мумкин. Айтайлик, ўйин чиқмаётган, қаторасига бир неча ўйинларда юта олмаётган жамоа, ўз майдонида “Борнмут”ни қабул қилади ва яхши, чиройли, йирик ғалаба билан, ижобий рельсга тушиб олишга ҳаракат қилади. Бу жуда керак.

Ёки шундай ўйинлар орқали, мураббий янги экспериментларни синаб кўриши, таркибда пайдо бўлган муаммоларни ёпиш вариантларини амалда қўллаб кўриши мумкин.

“Тоттенҳэм” Ҳарри Кэйнга қандай эришганини эсласангиз керак. Чемпионат ўйинларида Солдадо ишончни оқлайвермади, мураббий эса, Кэйнга имконият бермаётганди. Европа Лигаси ўйинларида Кэйн узлуксиз равишда асосий таркибда туша бошлади. Бир нечта ўйинларда гол урди, ҳатто бир марта хет-трик қилишга ҳам муваффақ бўлди. Катта ўйинларга тайёрлигини бошқа турнирда исботлаган Кэйн чемпионат ўйинларида ҳам майдонга туша бошлади ва тез орада жамоа юлдузига айланди. Агар жамоа фақат Англия чемпионатида ўйнаганида, Кэйн айнан ўша пайтда имконга эга бўлармиди ёки ҳалигача ўз имкониятини кутиб юрармиди, айтиш қийин.

Ёки Мхитарянни олайлик. Арман футболчиси “МЮ” асосий таркибидаги илк ўйинини “Манчестер Сити”га қарши ўтказди ва ишончни оқлай олмади. Шундан кейин у салкам икки ой ўз имкониятини кутишга мажбур бўлди. Жозе Моуриньони тушуниш мумкин. “МЮ” чемпионатда босим остида эди, янги футболчини таркибга киритиш имкони йўқ, синалга ўйинчилар билан очколарни қўлга киритиш муҳимроқ бўлган. Мхитарянда қаторасига 2-3 омадсиз ўйиннинг бўлиши эса, футболчининг жамодаги кейинги фаолиятида салбий таъсир қиларди. Моуриньо Генрихнинг тайёр эканини, лекин асосий таркибда тушиши учун шароит кераклигини айтди. Бирорта кучсизроқ жамоа билан, ўз майдонимиздаги ўйин Генрихга мос келади, ўша ўйин орқали Мхитарян таркибга киришиб, ўзига бўлган ишончни ошириб олади, деган Моуриньо уни “Арсенал”га қарши туширмади. Ниҳоят, “Фейенорд”га қарши ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилган Мхитарян учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди.

“Ливерпул”нинг еврокубокларда тўп сурмаётгани айнан шу нуқталарда зарарга ишлайди.Тақвимнинг аслида “Ливерпул”га бироз ноқулай тузилгани ҳам Клоппга янги футболчиларни жамоага қўшиш, ротациялар ўтказиш учун қийинчилик туғдиради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин.

“Ливерпул” ҳамма ўйинларда жуда чиройли, кучли ўтқазиб, ғалабалар қозонмоқда. Мавсум бўйича, фақат “Бернли”га қарши сафар ўйинида жамоанинг ўйини қовушмади холос. Ўша ўйинда “Ливерпул” ҳозирча ягона бўлган мағлубиятига учради (мақола “Борнмут”га қарши ўйиндан олдин ёзилган). Қачонки, “Ливерпул” ўйини қовушмаган ўйинларда ҳам 3 очко қўлга киритишни ўрганса ва бундай ўйинларни кўпайтирса, чемпионликка муҳим қадам ташлаган бўлади.

Ё мавсумдаги ҳамма ўйинда зўр футбол намойиш этиш керак ёки зўр ўйнамаган ўйинларда ҳам ғалаба қозонишни ўрганиш керак. Биринчисининг сира иложи йўқ, назаримда.

 

Қаҳрамон Асланов   

Фикрлар

Фикр билдириш