Роналдо — El Fenomeno

Менинг футболдаги кумирим Роналдо. Илтимос, сўзнинг охиридаги ҳарфга эътибор беринг. У ерда “о” ҳарфи турибди, “у” эмас. Яъни гап бразилиялик Луис Назарио де Лима, ёки оддийгина қилиб айтганда Роналдо ҳақида боряпти.

Мен Роналдони таниганимда у “Интер” сафига ўтганди. Унда ҳужумчига хос хусусиятларнинг барчаси бор эди. Фақат бош билан ўйнашда бироз нўноқ эди холос.

Луис ҳакамлар билан деярли тортишмасди. Унинг ҳакамга бақирганини, қўпол муносабатда бўлганини деярли эслолмайман. Ўз навбатида рақиблари билан муносабатда ҳам беодоблик қилмасди.

Роналдо чин маънода феномен эди. Унга ўхшаш футболчилар яна туғиладими, ёки йўқми, билмадим. Ҳаётим давомида Роналдони ёмон кўрадиган ишқибозни учратмаганман. Ашаддий барсачилар ҳам (масалан, улар орасида “Барса”дан “Реал”га ўтган Фигуни сўкадиганлар талайгина) Роналдо ҳақида ҳурмат сақлаган ҳолда гапирадилар.

ЖЧ-98 финалида Роналдонинг ўйини қовушмаганида, мухлислар орасида ўйин сотилгани, Роналдо заҳарлангани ҳақидаги гаплар тарқаб кетганди. Ҳозирги давр юлдузлари бўлган Криштиануниям, Мессиниям бир нечта омадсиз уйинларини кузатамиз, нормал қабул қиламиз. Қаранг, Роналдо шу қадар барқарор эдики, биргина омадсиз ўйин қанчалик резонанс келтириб чиқарган… Бу осон эмас.

Роналдо футболчи сифатида ёшларга ибрат қилиб кўрсатса бўладиган фаолиятни босиб ўтган. У фаолияти давомида кўплаб совринларга эга чиқди. Ҳалиям унинг кўп вақти даволаниш билан ўтиб кетди. Йўқса ҳаммаси бундан ҳам яхшироқ бўлармиди?

Ўз навбатида савол туғилади: Роналдо нега кўп жароҳат олган? Яқинда берган интервьюсида айтганидек кўп югургани жароҳатга мойиллик уйғотганми? Йўқ, биз унинг бу фикрига қўшилмаймиз. Вақт ўтиши билан шуҳратга кўмила бошлаган йигитга шуғулланиш унчалик ёқмай қолди. Кўп вақтини тунги клубларда ўтказа бошлади. Аёллар масаласида ҳам унинг суяги йўқ эди. Бу орада футболчида ортиқча вазн йиғила бошлади. Етарлича шуғулланмай мадонга тушиш ва вазннинг ортиб бориши ҳужумчининг тизза пайига керагидан ортиқча юк тушишига сабаб бўлди. Натижада унинг тизза пайи бир неча бор узилиб кетди. Натижада айни навқрон пайтида шифохона ва қўлтиқтаёқ унинг ҳамроҳига айланди.

2002 йилда Бразилиянинг жаҳон чемпионатидаги ғалабаси Роналдо номи билан боғланади. Кейинги чемпионатларда эса бир ўйинчи Роналдо сингари яққол порлаб, жамоасини чемпион қила олмади. Демак, ҳали бошқа феномен туғилгани йўқ…

 

Темур Аъзам

Фикрлар

  • яхёхон 12 / 12 / 2016 Reply

    Ўта саёз ёзилибди кумир ҳақида….

  • Даврон 15 / 12 / 2016 Reply

    улани даражасига хозир факат Иньеста етган

Фикр билдириш