Бирор бир лиганинг кучини, савиясини аниқлашнинг турли мезонлари бор. Масалан, етакчи клубларининг халқаро майдондаги иштироки ёки чемпионликка курашувчи жамоаларнинг қанчалик кўплиги ва ҳоказо.

Яна бир ўзига хос ўлчов бор – ушбу лигадан қўйида бўлган лиганинг савияси. Яъни ушбу лигага чиқиш учун курашувчи жамоаларнинг савияси қай даражада? Мавзуни сал аниқлаштирадиган бўлсак, биринчи лигамизда олий лига савиясидаги, олий лига жамоалари билан таркиб, савия, бюджет жиҳатидан беллаша оладиган клублар борми? Жавобни биламиз. Албатта, йўқ!

Афсуски, Ўзбекистонда олий ва биринчи лига орасида ер билан осмонча фарқ бор. Олий лига клубининг бюджети бир неча баробар кўп. Олий лига клубларида сезиларли даражада савиялироқ футболчилар тўп сурадилар. Бу ҳолат миллий чемпионатимиздаги рақобатга, олий лигамизнинг умумий кўринишига салбий таъсир қиладиган асосий муаммоларимиздандир.

Лекин бугунги масала бу ҳақида эмас. Яқинда олий лигада 15-ўринни олган “Навбаҳор” ва биринчи лига ғолибларидан бири “Норин” ўртасида ўтиш баҳси бўлиб ўтди. Ҳар икки жамоа учун ўтган мавсумнинг мазмунини аниқлаб берувчи баҳс. Хўш, “Навбаҳор” ўз тарихидаги энг омадсиз мавсумини қутқариб қола оладими? “Норин” ажойиб ўтказилган йилни мантиқий якунлашга ўзига куч топа оладими?

Ўша баҳс ушбу саволларга жавоб бериши лозим эди. Ўзимизни алдаб нима қиламиз, ўйиндан олдин ҳам бу саволнинг жавоби ҳаммамизга маълум бўлган. Албатта, “Навбаҳор” катта устунлик билан “Норин” устидан ғалаба қозонишини ҳаммамиз тахмин қила олгандик. Юқорида айтганимдек, таркиб жиҳатидан наманганликлар “Норин”дан кўра анча устун эдилар. Ўйин давомида бу исботланди ҳам.

Шу ерда бир парадоксал фикр айтмоқчиман. Биринчи ва олий лига савияси ўртасида жуда катта фарқ бор экан, демак ўтиш ўйинини ўтказишдан мантиқ йўқ. Аслида “Навбаҳор” биринчи лигага тўғридан тўғри тушиб кетиб, “Норин” олий лига йўлланмасини қўлга киритиш керак эди. Қизиғ-а, “Навбаҳор”нинг “Норин”дан кучли эканини айтиб туриб, нега “Норин” олий лигада қатнашиши керак эди, деяпман?

Чунки, “Норин” ҳозир “Навбаҳор”дан кучсиз, аммо, агар олий лигага чиққанида баҳорга келиб, “Норин” кучлироқ бўлар эди. Яъни мақсад айнан ҳозир ким кучлироқ эканини аниқлашда эмас, ушбу мавсумдаги омадли ва омадсиз жамоаларни аниқлаш, бўлиши керак.

Бугун “Норин” “Навбаҳор”дан кучлироқ бўлиб, ўтиш турнирида ғалаба қозониши умуман мумкин бўлмаган иш эди. “Норин” – биринчи лига жамоаси. Бюджетини айнан биринчи лигага мослаган. Таркибида тўп сураётган ўйинчилар ҳам биринчи лига ўйинчилари. “Норин” биринчи лигада ўзига қарши ўйнайдиган рақибларга мос ўлароқ таркиб тузган.

“Навбаҳор” эса, олий лигада тўп сурди. Жамоа таркиби, ҳолати олий лигага мос. Қандай қилиб, бу ерда “Норин”да имконият бўлиши мумкин?

Бутун мавсум биринчи лигада ўйнайдиган “Норин” ўз таркибини “Навбаҳор” билан ўйинга мослаб олиб юролмасди, тўғрими? Ўтиш ўйини олдидан трансферларга рўхсат бериш эса, каттароқ майнавозчиликларга сабаб бўлишини аввал кузатгандик. Бир неча йил олдин “Шўртан” жамоаси олий лигага ўтиш турнирида қатнашиш олдидан мавсумни олий лиганинг бошқа жамоалари сафида якунлаган бир қатор тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшиб олиб, ғолиб чиққан эди.

“Навбаҳор” бугунги ҳолатида “Норин”дан ҳам, биринчи лигада чиққан “Динамо”дан ҳам кучли бўлиши мумкин. Аммо муваффақиятсиз мавсум натижасида биринчи лигага тўғридан тўғри тушиб кетиши адолатлироқ бўларди.

Юқори лигага плей-офф ўйинлари орқали чиқиш тажрибаси масалан Германия ва Англияда ҳам қўлланилади. Лекин фарқи бор. Германияда бундеслига ва иккинчи бундеслига ўртасидаги фарқ бизники каби катта эмас. Алоҳида ўйинларда ҳар қайси бири ғолиб чиқиши мумкин. Лигалар ўртасидаги фарқ каттароқ бўлган Англияда эса, плей-офф Чемпионшип жамоалари ўртасида ўтказилади. Яъни ғолиб, йил давомида битта турнирда қатнашиб, курашган жамоалар ўртасида аниқланади.

Кучли жамоани тушириб юбориб, кучсизроқ “Норин”ни олий лигага чиқариш лигани кучсизлантириб юбориши мумкин, дейиш ҳам хато. Барибир баҳорга бориб, “Норин” ҳам бошқа олий лига жамоалари сингари таркибини кучайтириб олиш, бюджетини айнан олий лигадаги рақибларига мослаб олиш имкониятига эга бўларди. Яъни, бутун мавсум юқори ўринлар учун курашиб, йилни муваффақиятли ўтказган жамоа биргина ўйин натижасида қолиб кетмаслиги керак эди.

Ёки мавсум бошидан олий лигани биргина жамоа тарк этиб, фақатгина биринчи лига ғолиби унинг ўрнини эгаллашини белгилаб қўйиш керак. Ана ўшанда эътироз бўлмайди, ҳаммаси тўғри бўлади. “Норин” ҳам, “Навбаҳор” ҳам мавсум якунида ўзининг кейинги ўрнини билиб олади. Бу икки жамоани ўзаро ўйнатиб, “кучли”сини аниқлашдан фойда йўқ. Ўтиш ўйинидан воз кечиш керак.

 

Қаҳрамон Асланов

1 та фикр

  • Revenger 16 / 12 / 2016 Reply

    Mana Obod qanday ishtiyoq bilan kirdi futbolimizga. Noringa ham imkoniyat berish kerak edi. Mayli bir yil oliy ligada to’p sursa ham bir necha futbolchini kashf etishi mumkin edi. Biz bir yil oldin Dilshod hamroyev, Abror Husinov, Hurshid G’iyosov, Doniyor Hasanov, Shohruz Norxonovni bilarmidik? Norin hamma o’yinlada yutqazsa ham oliy ligaga yangi shabada olib kirardi. Bir nechta kashfiyotlar bo’lardi. Bir hillik jonga tegdi… Shunuchunam muhlisla kamayib ketgan. Shaxsan men uchun bu yil Obod jamoasi qiziq bo’ldi. Atigi bir marta Guzor markaziy stadioniga Sho’rtan – Obod 1:0 o’yinini ko’rgani tuwdim. Bu butun chempionatdagi stadionda ko’rgan ilk o’yinim bo’ldi…

Добавить комментарий