“Манчестер Сити” ўз майдонида “Эвертон”, “Саутҳэмптон”, “Мидлсбро” каби жамоалар билан дуранг ўйнаганда, ўйин борасида рақибидан катта устунликка эришганди. Очколар йўқотилган бўлса-да, Гвардиола жамоаси ўйин борасида қандайдир инқирозга юз тутгани ҳақидаги гаплар ортиқча эди. Ҳатто ўша “Челси”га (1:3) ўйинда ҳам “шаҳарликлар” кучли ўйин кўрсатишган, дастлабки соатда Конте шогирдлари дарвозасига жавобсиз учта гол уришлари ҳам мумкин эди.

Жамоа бироз қийинчиликка дуч келган ўйинларда (“Сандерленд”, “Бёрнли”, “Кристал Палас”, “Суонси”) эса ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Англияда фаворит жамоанинг ўртамиёнага қарши ўтказадиган одатий сценарий, кам куч ҳаржлаб уч очкони қўлга киритиш, сифатида баҳоланганди ўша ўйинлар.

Гвардиоланинг “Манчестер Сити”да муаммолар борлиги ҳақида “Лестер” билан ўйиндан кейингина жиддий равишда гапирила бошланди. Шу пайтгача қайсарлик қилиб келган Пеп Гвардиола айнан ўша ўйиндан кейин, Тьерри Анрига берган интервьюсида, инглиз футболининг баъзи хусусиятларидан “нолиди” ва ҳатто вазиятни ўнглаш учун айнан нима қилиш кераклигини ҳозирча билмаслигини тан олди. Дастлабки ўн ўйиндан ўн ғалабага эришга мураббий жамоа ўйинини ташкил қилиш учун бироз вақт талаб қилиб, ҳатто Алекс Фергюсонни эслади. Хуллас, Лестердаги мағлубият Гвардиоланинг ҳақиқий “инглизча мағлубияти” бўлиб, айнан “Пеп ва АПЛ” мавзусини таҳлилчилар учун очиқ деб эълон қилди.

Мавзунинг шунчаки “АПЛ жуда қийин лига”, “Гвардиола ҳали рақобатбардош лигада ўзини кўрсатмаган” қабилидаги “штамплар”дан қутулиб, айни футбол тилига кўчишига, савияда бир қадам олдинга силжишига ҳам Пеп Гвардиола сабабчи. Чунки у ўша интервью чоғида, АПЛ ўйинларининг ўзига хослиги ва ноқулайлиги ҳақида мулоҳаза юритганди.

“Англияда тўп ўйиннинг асосий қисмида майдонда эмас, ҳавода бўлади” – деди Пеп, – “бу ерда юқоридан тушаётган тўпларни эгаллаб олиш устидан ишламасдан ғалаба қозониб бўлмайди. Менинг ўйин услубим тўпни назорат қилишга ва юқори прессингга асосланган. Мен бу ерда булардан воз кечмайман, аммо ҳаводаги тўпларни ҳам назорат қилмасдан туриб, натижага эришишнинг иложи йўқ. Бу борада қандай ишлаш кераклигини мен яхшилаб таҳлил қилиб олишим керак”

Бу ерда гап юқори қаватдаги курашлар ёки стандарт вазиятлар устида ишлашда эмас. Энг асосий ноқулайлик шуки, аксарият инглиз клубларининг ўйин услуби Пеп Гвардиоланинг энг асосий қуролини йўққа чиқаради. Мисол учун, Испанияда ҳимоячилардан тўпни назорат қила олиш, ҳужумни бошлаш, сифатли биринчи пасни бериш талаб этилади. Юқори прессингни усталик билан амалга оширадиган жамоа эса, ҳимоячиларга босим ўтказиши ва аксарият ҳолларда тўпни эгаллаб олиши мумкин.

Англиядачи? Англияда, айтайлик, марказий ҳимоячи, оддий вазиятда тўпни дуч келган тарафга тепиб юбориш имконига эга. Тўпни эгаллаб турган ҳимоячи агар ўзига нсибатан сал бўлса ҳам хавфни сезса, тўпни юқорилатиб олдинга тепиб юборади. Тўпнинг қай даражада аниқ кетиши, айнан кимга бориб тушиши кўпинча катта аҳамиятга эга эмас. Ҳеч ким ўша ҳимоячини айбламайди. Ҳатто ўша ҳимоячининг шериклари ҳам бундай бурилишни билиб турадилар ва доим кураш учун тайёр турадилар.

Англияда ҳимоячидан талаб қилинадиган муҳим ҳусусиятлар – юқори қаватда курашиш, яккакурашларда ютқазмаслик, тезлик, позиция танлаш. Мана шу сифатларга эга бўлган ҳимоячи Англияда қадрланади, гарчи тўпни назорат қила олмаса-да. Данн, Шоукросс, Смоллинг, Уильямс, Кэйхил – бу футболчилар лигада энг кучли марказий ҳимоячи саналадилар, аммо агар Испанияга боришса, кулгига қолишлари эҳтимоли юқори бўларди.

Энди, асосий қуроли юқори прессинг бўлган Пеп Гвардиола мана шундай ўйин услубига эга бўлган ҳимоячиларга қарши нима ҳам қила оларди?

(Эътибор беринг, Юрген Клопп Англияга янги келганида фақат мана шу жиҳат – кучли прессингга урғу берди. Бундай прессинг кўпроқ кучли жамоаларга қарши иш берганини эсларсиз? Яъни, ўз-ўзидан кучли жамоалар сафида инглиз футболи қолипидан чиқиб кетган, Европа миқёсидаги ҳимоячилар тўп суради, демак уларни “прессинг қопқони”га тушириш осон. Ниҳоят Клопп янги мавсумда ҳужумни ташкил қилиш, қисман позицион ҳужумларга эътибор берди, “автобуслар”га қарши ўйнашни ўргана бошладики, натижалар барқарор кўриниш олди)

“Манчестер Сити” прессингни кучайтирган сари, рақиблар тўпни олдинга тепиб юбора бошлашди. Бу ҳолатда Гвардиолани ташвишлантирган жиҳат ўртага чиқади – ҳаводан келадиган тўпларни имкон қадар кўпроқ эгаллаш керак. Акс ҳолда, иккинчи устунлик – тўпни кўпроқ назорат қилишга тўғри келади. Бундай шароитда эса, инглиз клублари бутун жамоа бўлиб ҳимояланишни бошлайдилар.

“Лестер”дан учралган мағлубиятдан сўнг, “Манчестер Сити” кетма-кет икки ўйинда ғалаба қозонди. Айниқса, чемпионлик учун даъвогарлардан бири “Арсенал” жуда чиройли тарзда мағлуб этилди. Кўпчилик, жумладан, укахоним Азамат Муродов ҳам, мана бу ерда, ниҳоят “Манчестер Сити” ўз ўйинини, йўналишини топганини, инқироз ортда қолганини айта бошлади. Балки.

Аммо мен бу фикрларга қўшилмайман ва “Арсенал”га қарши ўйин ҳеч қандай янгилик бўлмаганини айтадиганлар томонидаман.

Биринчидан, “Арсенал” билан ўйинда “Манчестер Сити” 4-2-3-1 схемасида ҳаракат қилди. Гвардиоланинг “Барселона” ва “Бавария”даги фаолияти ҳақида китоб ёзган Марти Перарнаунинг айтишича, бу схема жамоани Гвардиола услубидан максимал равишда узоқлаштирар экан. Жуда ҳам конкрет вазиятларда, қачонки, ягона таянч ҳимоячиси орқали ўйини назорат қилиш имконсиз бўлиб қолган ҳолларда Гвардиола бу схемага мурожаат қилар экан. Гвардиоланинг асосий принципи бўлмиш – “марказ орқали ҳужум уюштиришнинг максимум вариантларига эга бўлиш” бу схемада кутилган устунликни беришга қодир эмас. Сабаби, олд чизиқда бир ўйинчи йўқотилган бўлади.

Айтмоқчиманки, “Арсенал”га қарши туширилган таркиб ва схема айнан ўша ўйин учун танланган мажбурий ечим эди холос. Демак бу ўйин “Манчестер Сити”га уч очко олиб келиш билан кифояланади, ортиқ эмас. Гвардиола Агуэро ва Фернандиньо билан бу услубга қайтишига, бунинг устига, бу схема устидан узоқ муддатли йўналиш белгилашига ишониш қийин.

Умуман, ўтган беш ой Гвардиолага ўзининг оптимал жамоасини тасаввурда бўлса ҳам қуриб олишга етарли бўлмаганини айтиш мумкин. Баъзилар “Манчестер Сити” ниҳоят ўз ўйинини топди деяётган бир маҳалда, ҳимоя марказида кимларнинг ўйнашидан тортиб, Яҳё Туренинг жамоада тутган ўрнигача, ҳали маълум эмасдек. Саволлар кўп.

Иккинчидан, рақиб “Арсенал” эди. Юқорида инглиз жамоаларининг Гвардиолага туғдирадиган муаммолари ҳақида ёзилди. Аммо бошқа тарафдан, Пеп хоҳ “Барселона” билан, хоҳ “Бавария” билан бўлсин, доим инглиз клубларини ютиб келган, тўғрими? Аслида эса, гап Англиянинг ЕЧЛ да қатнашадиган топ-клубларида эмас. Барибир, гранд жамоалар тўп назоратига, “пас маданиятига” эътибор қаратадилар. Бундай жамоалар билан Гвардиолада муаммо йўқ, мана шу мавсумни оладиган бўлсак ҳам, Гвардиола “Манчестер Юнайтед”, “Челси”. “Арсенал” каби жамоаларга қарши яхши ўйин намойиш этди, устунликка эриша олди. Асосий муаммо “Вест Ҳэм”, “Бёрнли”, “Саутҳэмптон” каби жамоаларга қарши пайдо бўлади. Топ-жамоалардан “Манчестер Сити” фақат “Тоттенҳэм” билан ўйинда ўзига ўхшамади, муаммолар ҳис этди. Қизиғи, “Тоттенҳэм” АПЛ да ушбу мавсумда энг кўп узун паслар амалга оширган жамоалар рейтингида 3-ўринда бормоқда экан.

“Арсенал” эса АПЛ даги энг “АПЛ га узоқ бўлган” жамоадир. “Арсенал” “Тоттенҳэм” пешқадамлик қилаётган бояги рейтингда сўнгги ўринни банд этиб турибди. “Арсенал” футболчилари тўпни дуч келган томонга тепиб юбориб эмас, қисқа тўп оширишлар орқали ҳимоядан чиқиб кетишни, ҳужум бошлашни “яхши кўрадилар”. Қисқача айтганда, Гвардиоланинг ҳақиқий “мижози”

Оддий статистика, иккинчи таймнинг ўзида, “Манчестер Сити” 18 марта рақиб майдонида прессинг орқали тўпни эгаллаб, ҳужум уюштирди. 18 марта бу – “Манчестер Сити”нинг “Бернли”, “Кристал Палас”, “Вест Бромвич”га қарши ўйинлардаги ҳудди шу кўрсаткич йиғиндисидан деярли икки баробар кўпдир. Тасаввур қиляпсизми?

Энди савол туғилади. Пеп Гвардиоланинг “ҳаводан келадиган тўплар учун курашиш” ҳақидаги фикрларига қайтамиз.

Шу ўринда Луи ван Гаалнинг Англияда “прессинг – тўп назорати – ҳаво тўпларига эгалик қилиш” вазифасини қай тарзда ўзича ҳал қилгани ёки қила олмагани ҳақида эслатишни лозим топдим. Жамоа ўйини баъзида жуда мукаммал, баъзида эса, ўта кучсиз чиқарди. Ўртадаги балансни топиш жуда қийин бўлган, голландиялик мураббий икки йил фақат шу билан шуғулланганди. Тўп назоратига урғу берган ҳолда Мата – Эррера – Руниларни туширса, айниқса, ўртамиёналар билан ўйинда майдон маркази муаммоларга учрар, таркибдаги балансни сақлаш учун Феллайни таркибдан жой олар, бу эса, ўз навбатида тўп назоратига путур етказарди. Феллайни билан тўпни назорат қилишга уриниш, бир киши кам ўйнашдек гап,  буни биламиз.

“Манчестер Сити”нинг тўпни назорат қилиш ва рақиб майдонида кучли прессинг қилишга мўлжалланган бугунги ижрочилари билан “ҳаводаги тўплар” қандай ютилади? Йўқ, мен фақат бўй ёки бошқа жисмоний устунликлар ҳақида айтмаяпман. Гап майдондаги позиция танлаш, тўпсиз (тўп томон ҳаракатланиш эмас, айнан тўпсиз ҳаракатланиб, зоналарни ёпиш) ҳаракатланиш ҳақида борганида, ким қурбон берилади? Де Брюйне, Стерлинг ёки Силва каби ўйинчилар асосан тўпни назорат қилиш ва позицион эркинликка ўрганганлар, яъни уларни топ юлдузга айлантириб турган энг муҳим устунликлари – тўп ўз жамоасида бўлган пайтдаги ҳаракатлари-ку. Клоппнинг ва Гвардиоланинг тезкор ҳужумчилари ўртасидаги асосий фарқ шу ерда эмасми?

Хулоса қилиш мумкинки, Пеп Гвардиоланинг “силлиққина бошланган” Англиядаги саргузаштлари” энг қизиқ жойига келди. Мураббийнинг мавсум бошидаги ўнта ғалабадан иборат бўлган кучли юришига қарши, АПЛ ҳам яхшигина тарсаки билан жавоб қайтарди. Юриш энди, мураббийдан.

Англияга хуш келибсан, Пеп!

 

Қаҳрамон Асланов

  

 

 

.

Фикрлар

  • Sardor_Maur 23 / 12 / 2016 Reply

    Welcome”, Гвардиола
    Babayan out”

  • Xushnudbek Akbarov 24 / 12 / 2016 Reply

    Maqolalarni hammasini ham ko’klarga ko’tarmaymanu, lekin bu safar majburman. Shu darajada ajoyib yoritibsizki, oquvchi zerikmaydi. Aslida bunday maqolalarga bezak qo’shish va uni silliqlash juda mushkul. Siz esa hammasini meyorida va o’rnida ishlatgansiz. Oxirgi maqolalarni o’qib hafslam puch bo’lyotgandi. Oqib mazza qildim.

    Gvardiola haqida bitta inson shunday degandi. Gvardiolaga o’rtamiyona jamoa bering, keyin uni ishini baholaymiz degandi. Mana haqiqat oshkor bo’lyapti chog’i, buni amalda kuchli jamoada ham ko’rmoqdamiz.

Фикр билдириш