Антонио Конте АПЛда кетма-кет 13та ғалабага эришди. Юрген Клоппнинг “Ливерпули” эса чемпионлик учун курашадиган жамоага айланди. Пеп Гвардиола ҳам ҳали ўз сўзини айтгани йўқ. Умуман, АПЛда хорижлик мураббийларнинг ўрни тобора асосий планга чиқиб бораётгандек.

АПЛда бугун хорижлик мураббийларнинг ўрни катта. Топ клубларнинг деярли барчасида бугун хорижлик мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Рональд Куман ҳамда Маурисио Поччетинонинг ҳам АПЛда ўз ўрнига эга мураббийлар ҳисобланади. АПЛдаги бугунги ҳолатга, Лиганинг бугунги ҳолатига мураббийларнинг таъсири ҳақида бемалол гапириш мумкин. Аммо, мураббийлар ҳақида гап кетганда, уларнинг фаолияти албатта, гапирилади. Келинг, Лиганинг бугунги мавқеига мураббийларнинг таъсири борлиги ёки йўқлигини исботлашга уринамиз. АПЛнинг бугунги мавқеи ҳақиқатда ҳам мураббийларнинг кучидан даракми ёки бу қандайдир янги қаҳрамонлар ҳақидаги мифми?

Ҳа.

АПЛнинг бугунги мавқеига мураббийларнинг таъсири беқиёс.

АПЛда бугун мураббийлар ҳақида гапиришга учта конкрет асос бор. Биринчиси – “Челси”. Конте бугун кетма-кет 13та ғалабага эришган ҳолда АПЛда биринчи ўринда бормоқда. Клопп керак бўлмаган ўйинларда кўп очко йўқотаётган бўлса ҳам иккинчи ўринда ва “Челси”ни таъқиб этишда давом этмоқда. Яна бир далил – “Манчестер Сити”. Сўнгги ўйинларда ўзига ўхшамаётган бўлса ҳам, “Сити” АПЛнинг қолган 16та жамоасидан кўпроқ очко олишнинг уддасидан чиқаяпти. Контенинг ғалабалар серияси, Гвардиоланининг мавсум стартидаги кетма-кет ғалабалари ҳақиқатдан ҳам мураббийларнинг кучини кўрсатиб турибди. Бу борада, уларга ажратилган вақт ва бу ғалабали сериялар мураббийларда вақт кам бўлганини таъкидлаш лозим. Контеда ҳам Гвардиолада ҳам жамоа ўйинини шакллантириш учун, асосий таркибни аниқлаб олиш учун вақт кам эди. Ҳатто, Клоппда ҳам мавсум бошидан бери айтарли вақт бўлмаган эди. Клопп “Ливерпуль”да Конте ҳамда Гвардиоладан бироз кўпроқ вақт ишлаётган бўлса ҳам унда ҳам шундай муаммо мавсум бошидан бери бор эди. Эътибор беринг, Лигада кучли бешликда бораётган жамоаларнинг барчасида тактикага муккасидан кетган мураббийлар ишламоқда. Улардан тўрт нафари бир неча ой ва бир йилдан бери жамоа билан бирга. Энди, келиши билан ҳамма ёқни ағдар тўнтар қилиб ташлайдиган мураббийларга ҳам АПЛда қийин. Бундай вазият содир бўлиши қийин. Аммо, бугун юқори ўринларда бораётган жамоаларда мураббийлар Лига мавқеини кўтаришда катта меҳнат қилаётганликлари бор гап.

  • “Челси” – Конте “Челси” билан биргаликда АПЛда кетма-кет 13та ғалабага эришди ва “Арсенал”нинг 2002 йилдаги рекордини такрорлади.
  • “Манчестер Сити” – Гвардиола илк мавсумида АПЛнинг дастлабки 6та турида ғалаба қозонди. Дастлабки 6та тур давомидаги тўплар нисбати эса 18:3 кўринишини ташкил этди. Яъни, ҳар бир ўйинда “Сити” ўртача 3тадан гол урди.
  • “Ливерпуль” – Клопп ўз жамоаси билан “Сандэрленд”, “Бернли”, “Борнмут” каби жамоалар билан ўйинда очко йўқотган бўлса ҳам, “Челси”, “Сити”, “Арсенал”, “Тоттенҳэм” ҳамда “Лестер” каби жамоаларни турли турнирларда мағлуб эта олди.

1973022-41455936-640-360

Йўқ.

АПЛнинг икмониятлари янги мураббийларга натижа кўрсатиш учун имкон беради.

АПЛ мухисларини Еврокубоклардаги натижаларни эслатиб уялтирмоқчи бўлсангиз, буни уддасидан чиқа олмайсиз. Лиганинг ашаддий мухлислари бундай кинояларга биргина факт билан жавоб беришади: “Бизнинг пулимиз кўп”. Балки, гап мураббийларнинг номида эмасдир. Балки, гап АПЛнинг чексиз имкониятларидадир. Яъни, мураббийлар шунчаки, тизимнинг бир бўлаги ҳолос. Бундай таркиб ва имкониятлар билан шунчаки АПЛ мураббийларга шароит ва рекордлар учун замин яратиб бераётгандир?

АПЛ аутсайдери “Халл Сити” ёзда янги футболчилар учун 26 млн фунт сарфлади. Доимо, хасисиликда айбланадиган Арсен Венгер умумий ҳисобда 529 млнга ўйинчи сотгани ва трансферлар учун ундан ҳам кўпроқ сарфлагани ҳам ҳақиқат. АПЛнинг қуйи поғоналарида бораётган жамоалар ҳам трансферлар пайтида кутилмаган ўйинчига, кутилмаганда 40-50 млн фунтларни бемалол сарфлаб юбориши мумкинлигини бугун ҳеч ким инкор қила олмайди. Фактлар кўп ва бу фактлар тарозининг иккинчи палласини босиб юбориши мумкин.

  • АПЛнинг 20 клубидан 13таси ёзда трансфер рекордини янгилашди.
  • АПЛ аутсайдерлари “Сандерленд” ҳамда “Халл Сити” янги ўйинчиларга “Валенсия”, “Севилья” каби клубларнинг умумий трансферларидан ҳам икки баробар кўпроқ пул сарфламоқда.
  • “Челси”нинг захира ҳужумчиси Миши Батшуайи ЕЧЛда бу йил тўполон кўтарган “Ростов”нинг сўнгги беш йилда трансферлар учун ажратган пулидан ҳам икки баробат қимматроқ туради.

conte-klopp-mourinho-guardiola-wenger-ranieri-pochettino-bilic-premier-league_3748499

Йўқ, барибир мураббийларнинг роли катта.

Тактик хилма хиллик.

Икки йил олдин АПЛда уч нафар ҳимоячи билан ўйнашни лозим топган ва бунга уринган мураббийни устидан кулишган ва уни шу куннинг ўзидаёқ жамоадан ҳайдашга уринишган эди. Ўтган мавсумда синовга туширилган тактик схема, бугун бир жамоани яққол пешқадамга айлантирди. Антонио Конте 3-4-3 схемасига ўтганидан сўнг ғалабали сериясини давом эттирди. Бугун тактик экспериментлар урфга айланди. Нафақат Конте, балки бошқа мураббийлар ҳам турли тактик усулларни синаб кўришдан қўрқмаяптилар. Гвардиола ҳамон изланишда ва экспериментлар ўхшамай қолганда асабийлашмоқда. АПЛ клублари футболда тренд деган нарсалар борлигини тушуниб етмоқда. Хатто, 4-2-3-1 каби аниқ рақамларга мослашган тактикалар ҳам турли мураббийлар томонидан турлича талқин этила бошланди.

АПЛнинг энг кучли ва омадли клублари ҳам бугун қисқа вақт ичида ўзгара бошлашди: “Энди бошқача ўйнаймиз”. Лиганинг ҳозирги ягона оқсоқоли Арсен Венгерга ва унинг фаолиятига эътибор беринг. Венгер сўнгги икки йил ичида янги дарвозабон сотиб олди ва унга янги вазифалар юклади. Эндиликда, “Арсенал” дарвозабони ҳимоядаги тактик юришларга ҳам жавобгар. У жамоасининг ҳужумини бошлаб бериши ёки илк пас билан ҳимоячини олдинга бошлаши мумкин. Ҳимоя марказига жаҳон чемпионини олиб келди ва икки қанотга тезкор испанларни сотиб олди. Таянч ярим ҳимоячи нуқтаси унинг учун муаммоли бўлиб қолаётган бўлса ҳам, мураббий янги усулларни синаб кўришдан ва янги ўйин схемаларини ўйлашдан чарчамаяпти. Яъни, Венгер ҳамон ҳаракатда ва изланишда.

Англияда тактик хилма хиллик урф бўлмоқда. Жамоалар турли схемалардан фойдаланаётганини ва ҳаракатда эканини кўриш мумкин.

  • “Челси” 3-4-3 схемасига ўтганидан сўнг 13та ғалабага эришди.
  • “Челси”, “Манчестер Сити”, “Вест Ҳэм”, “Эвертон”, “Суонси”, “Уотфорд”, “Халл Сити”, “Сандерленд” ҳамда “Тоттенҳэм” ушбу мавсумда уч нафар ҳимоячи тактикасини синовдан ўтказишга улгуришган.
  • Кўп ҳолларда бундай тактик схемаларни муваффақиятли синовдан ўтказиш учун тажриба ва маҳорат етишмаган, аммо, жамоалар турли тактик экспериментларни синаб кўришдан қўрқишмаяпти.
  • АПЛнинг 20та клуби умумий 5та базавий схемани синовдан ўтказишган. Хилмахиллик трендда.

158-768x420

Ҳа, Жўжани кузда санаймиз.

Бу мураббийлар олдин қойиллатсин!

“Ливерпуль”нинг ҳимоясида ҳамон муаммолар бор. Жамоанинг ҳар икки дарвозабони жаҳоннинг топ ўнталигига ҳам кирмайди. Бу омиллар якуний натижага таъсир ўтказиши табиий. “Челси”да катта ғалабалар серияси. Аммо, бу марафонни ҳали юугуриб ўтиш керак. “МЮ” ҳали Европа Лигасини ютгани йўқ. Умуман, жамоа топ тўртталикка кириши учун қаттиқ меҳнат қилиши керак. Аммо, жамоа ўйинида мазмун пайдо бўлгани рост. “Тоттенҳэм” ёки “Лестер”, “Манчестер Сити” ёки “Арсенал”, бу жамоаларнинг барчаси босиб ўтилиши керак бўлган йўлнинг ўртасида. Якуний хулосани баҳорда бериш мумкин. Агар, “Челси” якунда ҳеч нарса ютмаса, “МЮ” стабилликка эришмаса, “Манчестер Сити” ЕЧЛ ярим финалидан аввал мусобақадан чиқиб кетса, барча олқишлар худди, “Ливерпуль”нинг сўнгги чемпионлигини нишонлагандек таассурот уйғотади. Яъни, ўтмишда қолади.

  • “Манчестер Сити” сўнгги 16та ўйиннинг 11тасида очко йўқотди. Ажойиб бошланган старт давом этмади ва “Сити” АПЛда пешқадам эмас.
  • “Ливерпуль” сўнгги чемпионлигинини 26 йил олдин нишонлаган. Клопп ҳозирча буни ўзгартира олгани йўқ.
  • “МЮ” ҳамон АПЛда олтинчи ўринда ва Европа Лигасида ҳам ҳали фаворит эмас. Грандлар ҳам икки фронтда курашишга анча қийналишади.

images

 

Хулоса.

Англияда футбол клубларининг динамикасининг ўсиб бораётганини кўриш ёқимли. Ҳақиқатдан ҳам, уларнинг ишлари ўнглана бошлади. Тажрибали ва топ мураббийларнинг ҳаракатлари билан АПЛ кучайиб бормоқда. Мессининг “Барселона”си ва Роналдунинг “Реал”и туфайли сўнгги бир неча йиллар давомида қулоқларимизга ўрнашиб қолган мифларга қарши асос пайдо бўлгандек. Худди, Роналду ва Месси бор жамоага мураббийнинг кераги йўқ, исталган жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам улар билан соврин юта олади, дея ўзингизни ишонтиришга уринишлар энди кетмайди. Ёки ҳамон шунга ишонасизми? Мартино “Барса” билан нечта соврин ютди, Бенитесчи? Фергюссон кетгач, “МЮ” ЕЧЛда нима каромат кўрсатаяпти? Ёки Раньери бўлмаганда, “Лестер” чемпион бўла олармиди? Раньерисиз, Маҳрез ва Варди билан эплай олармиди? Менимча, жуда қийин вазифа бу. Агар, гап АПЛнинг бирор бир жамоаси ҳақида кетса ҳам, дейлик Дмитри Пайет асосий юлдуз бўлган “Вест Ҳэм” ҳам, тажрибали ва малакали мутахассис бўлмаса, ютуқларга эришиши қийин.

Янги мураббийлар, АПЛни ўзгартиришмоқда. Қизиқарли, курашларга бой ва шиддатли ўйинлар кўпаймоқда. АПЛда ақллар жанги гувоҳи бўлмоқдамиз. АПЛда дунёнинг энг кучли футболчилари тўп сурмайди. АПЛ вакиллари ҳар йили дунёнинг энг кучли футболчилари қаторига кирмайди. Аммо, у ерда тўп сураётган номларга эътибор беринг. Агуэро, Погба, Де Брюйне, Азар, Коста, Ўзил, Санчес, Коутиньо, Фирмино, Пайе – бу футболчилар чемпионларга ҳос ўйин намойиш эта оладилар, аммо, бир ўзлари жамоасини чемпион қила олишларига ишониш қийин. Бунинг учун ажойиб жамоа ва мураббий керак. Бу футболчиларнинг барчаси ажойиб мураббийлар қўл остида. Ғалабага эришиш учун эса, мураббийнинг топқирлиги зарур. Конте буни ҳаммага эслатиб қўйди. Хатто 20 йилдан бери “Арсенал”да фаолият олиб бораётган Венгер ҳам тактикага бўлган муносабатини ўзгартирди.

Инглизлар, омадли. Уларнинг Лигаси дунёнинг энг кучли лигаси. Уларни миллионлаб инсонлар томоша қилади. АПЛда намойиш этилаётган футбол, мураббийлар ва футболчилар жанги қизиқарли. Бунинг учун уларда барча нарса бор. Қолаверса, улар “тилла калит”ни топа олишди. Ғалабаларда, мураббийларнинг ўрни беқиёс эканлигини тушунишди.

Добавить комментарий