“Барса” Ferrari сотиб олиб, уни худди Fiat`дек ҳайдаганди”

Кулранг костюм кийган “Барселона” жамоасининг бош мураббийи Пеп Гвардиола менинг ёнимга келганида кўриниши жуда ташвишли эди. У қизиқсиниб менга назар ташлади.

Ўша вақтда мен уни шунчаки яхши инсон сифатида баҳолардим, Моуриньо ёки Капелло сингари кучли мураббий сифатида эмас, албатта. Ростини айтсам, у ҳақидаги ушбу фикрим токи ўзаро ўртамизда уруш бошлангунга қадар сақланиб турди. Бу воқеа 2009 йилнинг кузида содир бўлганди. Мен у вақтларда болаликдаги орзуйим билан яшардим. Мен дунёдаги энг яхши жамоада тўп сурардим ҳамда “Ноу Камп”даги 70 минг мухлиснинг олқишлари мен учун аталганди. Ўзимни худди кўкларда парвоз қилаётгандек ҳис қилардим. Балким жуда бунчалик эмасдир, чунки ўша пайтларда газеталар мен ҳақимда турли бўлмағур нарсаларни босиб чиқаришган. Мен улар учун “bad boy” эдим. Мен билан тил топишиш қийин эди. Аммо барибир “Барса”да тўп суришда давом этардим. Хелена (изоҳ – Златаннинг рафиқаси) ва фарзандларимда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Бизнинг Эсплугес-де-Льобрегатда яхши уйимиз бор ва мен ўзимнинг ўйинга руҳан тайёрлигимни ҳис қилардим. Хўш, унда муаммо қаердан пайдо бўлди?

– Ҳой, сен, – деди Гвардиола менга. – Биласанми, жамоамиздагиларнинг биронтаси ўзларини еттинчи фалакда ҳис қилишмайди. Улар ҳар доим оёқлари остида ер борлигини ҳис қилиб юришади.

– Албатта, бу яхши, – дея жавоб бердим.

– Ва биз машғулотларга қандайдир “Ferrari” ёки “Porsche”ларда келмаймиз.

Мен маъқуллаб бош ирғадим. Унга қўрслик қилгим келмади. Ҳайронман, унга нима қизиғи бор экан, мени қандай машинада юришим? Ва яна ўйлаб қолдим: у мендан нима хоҳлаяпти ўзи? Бундай илмоқли гапларни айтишдан мақсади нима эди ўзи? Сизни ишонтириб айтаманки, қиммат машиналар минишим ёки пиёдалар йўлакчасига машинамни қўйиб кетишим каби ишларни мақтаниш учун қилмасдим. Мақтаниш менга хос эмас. Ҳа, тўғри, мен машиналаримни ёқтираман. Улар – менинг жону дилим!

Мен Гвардиоланинг юқоридаги кинояли гапларидан шуни тушундимки, у “сен ўзингни бошқалардан устунман деб ўйламагин”, демоқчи бўлганди.

zlatan

Photo: David Ramos / Associated Press

Мен ўшандаёқ тушунгандимки, “Барса” худди бошланғич мактабга ўхшайди. Жамоа жуда яхши футболчилардан ташкил топган. Бу ерда менинг эски қадрдон дўстим Максвелл ҳам тўп сурарди. У билан “Аякс” ва “Интер” жамоаларида бирга ўйнаганмиз. Ростини айтсам, жамоадагилардан биронтаси ўзларини суперюлдуз сифатида тутишмасди ва бу ҳолат менга бирмунча ғалати кўринарди. Месси, Хави, Иньеста – ушбу “тўда” менга мактаб болаларини эслатарди. Дунёнинг энг зўр футболчилари мураббий нима деса “хўп” деб, бошларини силкитиб қўйишарди. Мен уларнинг бу ҳаракатини тушуна олмасдим. Тасаввур қиляпсизми, бу ҳолат шунчаки кулгили эди. Агар “Интер” жамоасида мураббий “сакранглар” деб буйруқ берса, футболчилар албатта сўрашарди: “Сакраймиз? Нега? Бу нима учун керак бизга?”.

“Барселона”да эса барча буйруқни сўзсиз бажаришарди. Менга бу тўғри келмасди. Аммо бу ҳақида ўйлаб кўрдим ва ўзимга-ўзимга дедим: “Буларнинг барчасига кўникишинг керак. Уларнинг сен ҳақингдаги салбий фикрлари исботланишига йўл қўйма”. Ва мен муҳитга кўника бошладим. Жуда ҳам мулойим ва меҳрибон инсонга айландим. Бу ғирт аҳмақона ўзгариш эди. Мино Райола, менинг агентим ва дўстим, ажабланиб сўради:

– Сенга нима бўлди, Златан? Сени танимай қолдим.

Мени ҳеч ким таний олмай қолди. На дўстларим, на бошқалар. Мен зерикарли, юшмоқ табиат инсонга айландим. Сиз бир нарсани албатта билишингизни хоҳлардим, “Мальмо” жамоасида тўп сурган пайтларимда менинг ўз фалсафам бор эди. Унга кўра, мен ўзим уюштирган пойганинг пилоти эдим, бошқачароқ айтганда пойгада ёлғиз қатнашадиган ва машинасини ўзи қандай хоҳласа шундай бошқарадиган пойгачи эдим. Мен ҳақимда одамлар нима дейишаётгани аҳамиятли эди, албатта, лекин қандайдир чекловлар олдида ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Менга қизил чироқда ўтадиган инсонлар ёқарди. Нима демоқчи бўлганимни тушундингиз, менимча.

Аммо ҳозир… Хоҳлаган гапимни гапира олмасдим. Қачонки одамлар мендан эшитгиси келаётган гапни айтмоқчи бўлсамгина сўзлардим. Қарама-қарши фикрларимни ичимга ютардим. Бу тентаклик эди. Мен клубга ўзимнинг “Audi” маркали машинамда ташриф буюра бошладим. Улар буни маъқуллашди. Мен жамоамдагиларни мен билан бўлаётган беъманигарчиликларга аралаштирмасликка ҳаракат қилдим. Лекин анча сержаҳл бўлиб қолдим. Златан секин-аста Златан бўлишдан чекина бошлади.

Лекин шунга қарамасдан, мавсум анча омадли бошланди. Мен кетма-кет гол ура бошладим. Биз УЕФА Суперкубоги соҳибига айландик. Менинг ўйиним кундан-кунга авж оларди. Мен майдонда ҳукмронлик қила бошладим. Бироқ мен ўзга бир инсонга айлангандим. Гарчи унчалик жиддий бўлмасада, барибир нимадир бўлаётганини ҳис қилиб турардим. Тушкунликка тушиб қолгандим ва ишонинг, бу мен учун хавфли эди. Мен яхшироқ ўйнашим учун озгина жинниликлар қилишим талаб этиларди. Бақиришим, турли ҳурмача қилиқлар қилишим керак эди. Лекин буларнинг барчасини ичимга ютардим. Балким бу зиммамга юклатилган босимларнинг натижасида бўлгандир. Билмадим…

Мазкур сурат 2011 йил 8 ноябрь куни Швеция термаси жамоаси ҳамда ўша пайтдаги “Милан” футбол клуби ҳужумчиси Златан Ибрагимовичнинг “Мен – Златан” (“Jag ar Zlatan”) номли автобиографик китобининг Стокгольм шаҳридаги тақдимотида олинган. AFP PHOTO / SCANPIX - JANERIK HENRIKSSON

Мазкур сурат 2011 йил 8 ноябрь куни Швеция термаси жамоаси ҳамда ўша пайтдаги “Милан” футбол клуби ҳужумчиси Златан Ибрагимовичнинг “Мен – Златан” (“Jag ar Zlatan”) номли автобиографик китобининг Стокгольм шаҳридаги тақдимотида олинган. AFP PHOTO / SCANPIX – JANERIK HENRIKSSON

Фикрлар

  • dsalikhov 10 / 10 / 2016 Reply

    malatsi. yaxshi ishi yulga quyibsila. ishilaga omad. tuxtab qomela.

  • Dilshod Olimov 11 / 10 / 2016 Reply

    <>
    ——-
    “Калит сўзлар” га жудаям бой мақолада айниқса шу жойлари эътиборга молик бўлса керак. Тўғриси, Барселона ўйинида ҳам, ўйинчиларида ҳам мувозанатни сақлашга бўлган ҳаракатлар яққол кўриниб туради.

  • Rizamat Usmonov 11 / 10 / 2016 Reply

    Yaxshi maqola…

  • Messi 11 / 10 / 2016 Reply

    Davomi qani?

  • jahonfanbarsa 13 / 10 / 2016 Reply

    Birinchi qism juda ozku, koproq yozinglar kitobdan

  • Islom Raximqulov 16 / 10 / 2016 Reply

    Maqola zör 2- qismi qachon chiqadi?

  • ISLOM 19 / 10 / 2016 Reply

    Adminla 2-qism qachon chiqishi haqida malumot bervorila?

  • Messi 23 / 10 / 2016 Reply

    Davomini quyinglar

  • Chempion Muhlis 30 / 12 / 2016 Reply

    2-qismni kutib qolamiz.

Добавить комментарий