Views:
3

“Эрудит СПОРТ” нашри “Спортчи санъаткор” лойиҳасига хонанда Жаҳонгир ПОЗИЛЖОНОВни таклиф этди. Боксчиларимиз ҳақида қўшиқ куйлаган эстрада юлдузи энди миллий терма жамоамизга бағишланган қўшиқ тайёрламоқчи эканлигини маълум қилди.

 

– Энг гуллаган ёшлик чоғингизда бошқа болалар каби футболнинг “қўлидан тутганмисиз”?

– Йўқ, у пайтлари бокс деса ўзимни томдан ташлардим. Телевизор орқали намойиш этилган жангларда боксчиларнинг ҳаракатларини кузатишни канда қилмасдим. Мен учун дарсга ўхшарди. Тўгаракда ҳам шуғулланиб юрдим. Афсуски, боксда арзирли натижага эришмадим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, рингда бокс тушиб, икки марта кўзимдан мушт еганман. Шу сабабли, машғулотларга қатнашни тўхтатганман.

 

– Ринг, қўлқоплар билан хайрлашгач, ўзингизни қайси спорт турида синаб кўрдингиз?

– Спорт ичида юрган, у қайси тури бўлмасин, ҳаётини ҳаракатсиз тасаввур қилиши қийин. Ҳаётимдаги бокс ўрнини футбол эгаллади. Чунки бокс мен учун эмаслигини тушунгандим. Энди тўп тепишга муккасидан кетдим ва беш йил мобайнида тўхтовсиз футбол ўйнадим. Натижада футболга нисбатан қизиқиш янада кучайди.

 

– Бугун-чи, бугун? Ижоддан ортиб, спорт билан шуғулланасизми?

– Ҳозир залга бориб, тош кўтараман. Инсон спорт билан машғул бўлиш учун бўш вақт топиши зарур, деб ҳисоблайман. Спорт, аввало, соғлом ҳаёт дегани. Мен ҳам Руслан исмли мураббийнинг кўрсатмалари асосида ҳар икки кунда бир залда машқ қиламан.

 

– Юқорида “футболга бефарқ эмасман”, дедингиз. Ҳамкасбларингиз билан баҳс боғлаб турасизми?

– Актёр Алишер Узоқов ҳамда Даврон Кабулов бошчилигидаги жамоа билан мусобақалашиб турамиз. Қизиқарли ўйинлар бўлади. Аммо айни дамда қишки таътилдамиз (кулади). Насиб қилса, баҳордан ўртоқлик учрашувларини давом эттирамиз.

 

– Жаҳонгир Позилжонов қайси клуб мухлиси? Ўйинларни дўстлар даврасида томоша қиладими ёки..?

– Тўғрисини айтсам, “Барселона”нинг ишқибозиман. Лекин “Реал” ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Умуман, чиройли ўйинга мухлислик қиламан. У хоҳ испан жамоаси бўлсин, хоҳ инглиз. Одатда, ўйинларни уйда кўраман. Учрашувни дўстлар даврасида кузатиш камдан-кам ҳолларда содир бўлади.

 

– Рио Олимпиадасида зафар қучган спортчиларимизга бағишланган “Чемпион” қўшиғи ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Очиғи, бокс баҳсларини кўзда ёш билан кузатдим. Ўн беш дақиқа ичида икки спортчимиз олтин медални қўлга киритганидан фахрландим, ғурурландим. Ҳамюртимиз Фазлиддин Ғойибназаровнинг чемпионлик жангидан кейин қўшиқ куйлаш ҳақида ўйладим. Бу ҳақда ижодий гуруҳга айтдим. Эрталабгача эса қўшиқ тайёр бўлди. Менимча, ёмон чиқмади. Спортчиларимиз қўшиқ ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Яна футбол бўйича миллий терма жамоамизга аталган қўшиқ тайёрламоқчимиз. Тез орада мазкур лойиҳани амалга оширамиз.

 

– Олимпиадачилар билан дўстлашиб кетгандирсиз?

– Ҳа, улар билан ака-укадек бўлиб кетдик. Умуман, спортчилар орасида дўстларим кўп. Масалан, футболчи Жасур Ҳасанов. Бирма-бир санаб берай десам вақт етмай қолади. Энг муҳими уларнинг борлиги!

 

– Ўз вақтида спортни танлаганингизда қандай натижаларга эришардингиз, нима деб ўйлайсиз?

– Футбол билан шуғулланишни канда қилмаганимда балки яхши футболчи бўлармидим? Агар бир нарсага қаттиқ бел боғласам, амалга оширмагунча тинчимайман. Шундай экан, тўп тепишни тўхтатмаганимда, эҳтимол, совриндор футболчи билан суҳбатлашармидингиз.

 

– Машғулотлар мобайнида қизиқарли воқеалар юз берадими?

– Қизиқарли воқеалар кўп бўлади. Айниқса, залда тош кўтарган пайтларим. Бир сафар йигирма дақиқада икки километр масофани босиб ўтишим кераклигини айтишган. Мен дақиқа ва километрни адаштириб юбориб, йигирма километр югуриб қўйганман. Ўша машқдан кейин уч-тўрт кун залга бормагандим (кулади).

 

– Тасаввур қилинг, журналистсиз. Қайси спортчи суҳбатдошингизга айланарди?

– (ўйланиб) Ҳасанбой Дўстматов билан суҳбат уюштирардим. У билан овқат тайёрлаш сирлари тўғрисида интервью олардим. “Эркак кишининг қўли ширин бўлади”, дейишади. Айниқса, паловхонтўра пиширишда. Ҳасанбой қайси овқатларни тайёрлай олади ёки бунинг акси, шу ҳақда суҳбатлашардим.

 

– Тасаввур қилинг, ФИФА раҳбарисиз. Футболда амалга оширадиган учта ўзгаришингиз…

– ФИФА раҳбарига айлансам, биринчи бўлиб, “Эл-классико”ни тўхтатардим. Албатта, бу ҳазил. Иккинчидан, ФИФА бошқарувини менга топширишганда, рад этардим. Сабаби ҳар ким қўлидан келадиган ишни бажариши керак.

 

– Ҳамкасбларингиз билан беллашиш талаб этилса, қайси спорт турини танлайсиз: бокс, баскетбол ёки “Формула 1”?

– Ҳамкасбларимдан ким мусобақалашиш истагини билдирса, ўша хонанда билан беллашавераман. Рақиб танлаш йўқ. Спорт турига келсак, баскетбол танловида тўхтардим. Халқани аниқ нишонга олишнинг ўзига яраша гашти бор…

 

– Қайси спортчи билан ҳамкорликда дуэт куйлашни истайсиз?

– “Темир Майк” сифатида машҳур боксчи Тайсон билан дуэт куйлардим. Қўшиқ соғлиқ ҳақида бўлиб, барча Олимпиада ғолиблари иштирокида чиройли лойиҳа тайёрланарди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиларди бу қўшиқ.

 

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди, “Эрудит Спорт” газетаси.

Добавить комментарий