Ўзбекистон миллий терма жамоаси 23 январь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. 12 февраль куни эса Арманистон билан ўйин келишиб қўйилган. Грузинларга қарши беллашув Амирлик йиғини доирасида, арманлар билан ўйин эса Туркияда ўтказилади.

ЖЧ саралаши доирасидаги ўйин шу билан 23 март куни бўлиб ўтади, рақиб — Сурия. Мантиқ кўринмайдиган жараён. Қишнинг иккита ойида Самвел Бабаян терма жамоага номзод деб қаралган футболчиларни олиб, БАА ва Туркияда уларни айлантириб келади. 1 ойдан кўпроқ вақт ўтади ва Сурияга қарши умуман бошқа футболчилар майдонга чиқиб келади. Бу вақт ичида Арманистон ва Грузияга қарши учрашувлар бизга нима берганини ҳам тушунмай қоламиз.

Хитой эса бошқачароқ йўлдан борди. Марчелло Липпи терма футболчиларини зимдан кузатиб юрибди. Қатарга қарши беллашувда ишлаб олинган 1 очко учун италиялик мутахассис жавоб бермайди, у эндигина ташриф буюрганди. Бабаян каби у ҳам қишда футболчиларини кўздан кечириб олиши, уларга ўз фалсафасини сингдириши керак. Бироқ у Самвел ака каби асосий таркибга туша олмайдиган футболчиларини айлантириб юрмайди. Хитой футбол федерацияси мамлакатга Исландия, Хорватия, Чили каби термаларни меҳмон сифатида чақиради ва кичик турнир ташкил қилади.

Исландиянинг кучини кўрдик, Чили Копа Америкада кетма-кет икки бор зафар қучган мамлакат. Хорватиянинг таркибида Манжукич, Модрич, Ракитич, Ковачич, Срна, Перишич каби юлдузлар бор. Уларнинг ҳаммаси Хитойга келади, деган фикрдан йироқман. Бироқ Арманистон ва Грузиянинг иккинчи таркиби билан солиштирганда, Хорватиянинг шу футболчилар билан тўп тепадиган йигитлари савиялироқ кўринади, тўғрими? Бор-йўғи 5 кунлик муддат. 10 январда ярим финал ўйинлари ўтади. Хитой Исландия билан ўйнайди, Чили эса Хорватия билан. Орадан кўп ўтмай финал ва 3-ўрин учун беллашувлар.

Биринчидан, бу мусобақа. Спаринг рақибга қарши машғулот ўйинидан катта фарқ қилади. Стадиондан туриб хитойликларни 50-60 минг мухлис қўллаб-қувватлайди. Футболчилар Липпига ўзини кўрсатиш учун борини бериб ҳаракат қилади. Бунда қандайдир фойда борлигини ҳис қилиш қийин иш эмас.

Биз эса Грузия билан ўйин учун БААга, Арманистон билан ўйин учун Туркияга борамиз. ФИФА кунлари бўлмагани учун, асосий футболчиларни қолдириб кетамиз ва бир тийинга қиммат учрашувларда майдонга тушиб қайтамиз. Шунинг учун ҳам Қатарда 8-9 талаб гол уриб ётган Сардор Рашидовнинг ўйинини чиқара олмайди Бабаян. Тилини топа олмайди. Рашидов фақатгина расмий ўйинлар учун ташриф буюради, қандай қилиб мураббий ва футболчи ўзаро тил топишсин. Қандай қилиб қолган шерикларини билан бир-бирини тушунсин?

Яқин келажакда Хитой футболи олдинга ўтиб кетмаслигига ким кафолат беради. Масалан ички чемпионатимиз анча ортда қолиб кетди. Саудия Арабистони, Япония, Жанубий Корея лигалари биздан кучли эканини билардик. Шу юришимизда эса БАА, Қатар, Хитой каби лигалар ҳам бизни ортда қолдириб бўлди.

Футбол нотўғри йўлдан кетганидан кейин мураббийлардан ҳам бирор нарса талаб қилиш қийин. Марчелло Липпи Хитой лигасида ўзини кўрсатадиган футболчилардан жамоа тузади. Бабаяннинг ишонганлари ким деган саволга жавоб эса аниқ: ўша хитойликлар ортга қайтариб юборган Сергеев, форсларга ёқмаган Лобанов ва ҳоказо. Бабаяннинг ўзи 10 дан зиёд футболчиларини Хитойга юборган. Бироқ уларнинг 90 фоизи ўтмас бўлиб, ортга қайтиб келди. Ўша вақтда уларнинг кўпи терма жамоага номзод футболчилар саналарди.

Ҳозир мана шундай пайтда Бабаян кимлар билан рақобатлашаётганига эътибор қаратинг: Ули Штилике, Карлуш Кейруш, Хорхе Фосатти, Марчелло Липпи. Мантиқ ҳафа бўладиган ҳолат. Номлари келтирилган мутахассислардан қай биридир вазифани уддалай олмайди, бироқ ўша юрт футболчилари учун ниманидир ўргатиб кетади. Биз Бабаяндан нимани ўрганамиз?

Ҳозир мураббий термадан кетиши керак демоқчи эмасман. У ўз ишини охирига қадар бажаргани яхши. Худо кўрсатмасин, омадимиз юришмай мундиалдан яна қолиб кетсак, нега айбни вақтида айтмадингиз дейдиганлар албатта топилади. Журналистика эса Бабаян келган куниданоқ муаммоларни кўрсатиб бўлганди.

ФИФА кунларидан бирида қайсидир мамлакат терма жамоаси билан расмий ўйинда майдонга тушиш эсимиздан чиқиб қолади. Ўзбекистонлик ҳакамлар бошқариб борадиган ўзимизнинг беллашувлар ҳақида уялиб гапириш мумкин. Жанубий Корея билан ўйин олдидан унга умуман ўхшамайдиган Иорданиялар билан беллашиб юрганимиздан кейин, ўртоқлик ўйинлари ва йиғинлар Бабаяннинг ўзигагина тегишли футболчиларга насиб қилса, яна нимадан умид қилса бўлади?

Тўғри, биз Хитойдан 7 очко илгарилаб кетганмиз. Бу бизни ташвишга солмаслиги керак. Қатар ҳам, Сурия ҳам ортда қолган. Бироқ бу билан фахрланиш абсурд. Чунки жаҳон чемпионатига чиқиш учун Эрон ёки Жанубий Кореяни таслим қилиш керак. Улардан олдинда туриш керак. Шундай аҳвол билан қай биридан илгарилаб кетмоқчимиз, хайронман. Улар ҳам қараб турмайди. Эски мураббийлари борлигида Хитой ва Қатарни амаллаб ютиб олгандирмиз, бироқ жавоб ўйинлари анча қийин бўлади. Кутганимиздан анча қийинроқ. Сабр берсин ҳаммамизга.

 

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, “Эрудит-Спорт” газетаси

Фикрлар

  • Eldor 09 / 01 / 2017 Reply

    Tv ga qachon qaytasizlar hayrulla hamidov bilan birga

  • dosimboy 09 / 01 / 2017 Reply

    Бунедкорга келган мураббий ва футболчиларнинг яхши тасири шу пайтгача амалда куринди ва афсус тугаб бормокда, бу холат энди Хитойда такрорланса ана курамиз кейин натижани. Мани шахсий фикрим жамоаларни хусусийлаштириш керак , ана унда интрига кучаяди, афсус билан шуни айтишимиз мумкунки замонавий футбол хозирда спорт туридан кура азарт уйини каторига утиб колди майдонда имкониятлар хам тукнашяпти

Добавить комментарий