Холислик футбол журналистнинг фазилатими? Мажбуриятими? Иккаласи ҳамми? На униси ва на буниси, десам-чи?

Футбол журналистидан холислик талаб қилишни яхши кўришади бизда. Ҳар доим муҳокамадан тушмайдиган мавзулардан бу. Айниқса шарҳловчиларга нисбатан шу талаб кўп янграйди. Босма нашрларда фаолиятини олиб борадиганлар ишида ҳам холислик — энг асосийси, доим ёдда тутиш керак бўлган тушунча, қадрият ва мажбурият экани кўп айтилади. “Шарҳловчи тарафкашлик қилмасин”,  “Журналист ҳеч кимга мухлис бўлмасин”, “Доим ўртани ушласин”, “Одил бўлсин!”…

Хўп, яхши. Кейинчи? Шунақа қилса нима бўлади? Шарҳ қизиқроқ, футбол кўришлироқ, мақола ўқишлироқ бўладими? Журналистнинг мухлиси, нашрнинг адади ошадими? Блогернинг ташрифчиси кўпаядими? Унчаликмас. Шулардан бирортасига ҳам сабаб бўлмаса керак, деб ўйлайман ҳатто. Ҳа!

Футбол шарҳига бўлган муносабатнинг ўзи турлича. Ким учундир шарҳ футболни кўришга ҳалал бермаса бўлди. Айримлар учун шарҳ ўйин ва унинг иштирокчилари ҳақида керакли маълумотларни билиб олса етади. Мен учун эса шарҳ футбол томошасининг ажралмас қисми. Менга бу нарса шу даражада муҳимки, ҳатто фақатгина шарҳ учун ҳам ўйинни томоша қилиб беришим мумкин.Табиийки, шарҳловчилардан кутадиганларим ҳам шунга яраша. Шарҳ холис бўлса бўлгани, деб билмайман. Мен учун у қизиқ бўлиши керак. Унда оригинал фикрлар янграса, ажойиб ўхшатишлар қилинса, энг қизиқарли, эътиборга молик, ҳайратлантирадиган фактлар берилса, у жонли бўлса ва у эмоциялар билан қорилган бўлса, дейман.

Футболни кўпчилик қатори, асосан русча шарҳда кўраман. Деярли барча шарҳловчилар қайси жамоа мухлиси эканини биламан ва менга уларнинг айнан ўша жамоалар иштирокидаги ўйинларда ишлаши ёқади. Нега? Улар ўз суюклилари ҳақида бефарқ-у, бетарафлардан кўпроқ билишади. Доимий равишда жамоадаги янгиликлардан бохабар бўлишади. Буни касб тақозоси, профессионал вазифа бўлгани учунгина эмас, ўзлари хоҳлаб қилишади. Таббийки, уларнинг шарҳи фактларга, янгиликларга бойроқ бўлади, таҳлиллар чуқурроқ бўлади, вазият кенгроқ ёритилади. Уларга бундай ўйинларда сунъий эмоциялар ҳам керак эмас. Бунақа вақтда унинг ҳаяжони-да, суюниши-да, ачиниши-да, афсуси-да таббий бўлади.

Улар бор меҳрини бериб олқишлайди, нимадир ўхшамаса, бор захрини ҳам сочиб олаверади. Ташбеҳлари вазиятга мосроқ бўлади, чиройлироқ чиқади. Фақат суюкли жамоа эмас, ёқтирган чемпионатлари шарҳи ҳақида ҳам юқоридаги фикрларни билдириш мумкин.

Василий Уткиннинг энг ёрқин шарҳлари “Реал”нинг ўйинларга, Георгий Черданцовнинг энг кўп иқтибос келтириладиган, кейинчалик ҳамманинг тилига тушадиган неологизмлар қўлланадиган шарҳлари Италия чемпионати ўйинларига тўғри келиши шундан. Шу сабабдан ҳам Денис Казанскийнинг МЮ иштирокидаги баҳслардаги шарҳлари ўзгача чиқади… Хайрулла Ҳамидовнинг “қироллик” клуби қатнашган учрашувлардаги шарҳи ҳаммасидан ҳам кўп эсланади. Мақолалар борасида ҳудди шундай… Чунки бу ерда масалага муҳаббат аралашяпти. Юрак қўшиляпти. Муҳаббатда холислик йўқ. Лекин у ром қилгувчи, жозибали. “Чемпион”нинг аввалги сонларидан бирида эълон қилинган “Раулмадрид” каби мақолалар яратилиши учун кўнгил бу ишга аралашмоғи шарт. Ўзи энг буюк асарлар яратилишида ҳам холисликнинг эмас, муҳаббат улуши салмоқлироқ бўлган.

Нохолислик тарафдори эмасман, асло. Аралаштириб юборманг. Мен футбол журналисти доимий холислик деган мажбуриятдан холи бўлиши тарафдориман.

Журналистга суд жараёнидаги судьяга қўйиладиган талабларни илишнинг кераги йўқ. У адолат тимсоли бўлиши шарт эмас. Унинг вазифаси бумас. Унга адвокат ёки прокурорнинг роли қизиқроқ ва мосроқ ҳам. Мутхассисларга беринг судьяликни. Ҳакамларни адолат тимсолига айлантираверинг. Журналист эса ўз ишини қилсин. Севиб қилсин уни. Холислик фойдали бўлсин, зарарига ишласа, уни четга суриб тура олсин. Менга шуниси муҳимроқ туюляпти.

Ушбу матн «Чемпион+» газетасининг 03.12.2015 санасида чоп этилган #15 сонидаги калонкам учун ёзилган.

1 та фикр

Фикр билдириш