“Интерфутбол” газетасида “Бунёдкор”нинг  етакчи ва ёш футболчиларидан бири Достонбек Ҳамдамов билан интервью эълон қилинди.

– Достон, гарчи ўртоқлик учрашуви бўлсада, ғалаба қозониш ҳамиша ёқимли. Боз устига, «Олмалиқ» дарвозасига киритилган тўпларга айнан сиз муаллифлик қилдингиз. Мавсумлар оралиғида ўтказилган илк баҳс ҳақида фикрингиз қандай?

– Ўйиндан ҳам, натижадан ҳам кўнглимиз тўлди. Ҳар ҳолда, мураббийларимиз футболчиларнинг хатти-ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилишди. Ҳали тўп билан тўлақонли машғулотлар ўтказилмаяпти. Шунга қарамай, бугунги ўйинимиз яхши чиқди. Учрашувни томоша қилиш учун келган камсонли мухлисларимизни хушнуд қилдик, деб ўйлайман. Ҳозирда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилган. Машғулотларнинг катта қисми тренажёр залида ўтказиляпти.

– Бугун таркибда жуда кўп ёш футболчиларни кўрдик. Улар ҳақида нима дея оласиз?

– «Бунёдкор» академияси ўз мевасини бера бошлади. Биздан кейинги авлод вакиллари ҳам анча кўзга ташланиб қолишди. Фикримга жамоамизнинг ёшлар лигасидаги чемпионлиги исбот бўлади. Ана шу таркибдаги айрим футболчилар янги мавсумда асосий таркибдан жой олишса, шахсан мен бундан ажабланмайман. Элбек Равшанов, Шаҳзод Абдураҳимов, Нодир Мавлонов, Георгий Погосов, Даврон Умиров, Жавоҳир Қаҳрамонов, Нуриддин Тўхтасинов, Фаррух Икромов каби ўйинчилар бугунги ўйинда ҳам майдонда йўқолиб қолишмади.

– 2016 йилги мавсум жамоангиз учун анча қийин кечди. Бир йўла учта мусобақада иштирок этишга тўғри келди. Ҳамон чарчоқ аломатлари сезиляптими?

– Йўқ, десам ёлғон гапирган бўламан. Лекин профессионал футболчи чарчоқ нималигини билмаслиги керак. Биз ёш футболчилар эса бу ҳақда умуман ўйламаслигимиз лозим.

– Шахсан ўзингиз учун ҳам йил омадли келди. Давлат мукофотига лойиқ кўрилдингиз…

– Бундан жуда ҳам хурсандман. Ўзбекистон Белгиси кўкрак нишони билан тақдирландим. Очиғи, буни кутмаган эдим. Ватанимиз обрўси, шон-шуҳратини юксалтириш, унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар орасида менга ҳам бу мукофот насиб қилди. Мустақиллигимизга 25 йил тўлган йилда қўлга киритилган бу нишон мен учун кутилмаган совға бўлди. Ушбу мукофотимни юртдошларимизга, «Бунёдкор» жамоаси мухлисларига бағишлайман.

– Лекин мавсум сиз учун бироз нотекис ўтди. Ўйинингизда пасайишлар кузатилди. Бунинг сабабларини излаб кўрдингизми?

– Бу борада бир нарса дейиш қийин. Инсон ҳеч қачон ўзига холис баҳо бера олмаса керак. Менимча, жуда кўп ўйинлар бўлди. Шу боис, айрим учрашувларда чарчоқ аломатлари сезилди. Қолаверса, ёш футболчилар бир текис ўйин намойиш эта олишмайди. Умуман, мавсум «Бунёдкор» учун омадли келди. Мавсум якунларига кўра кумуш медалларни қўлга киритдик. Нисбатан олганда, ёш таркиб учун бу ижобий натижа.

– Олдинда жамоангизни ОЧЛнинг «плей-офф» учрашуви кутиб турибди. Рақиб анча жиддий. «Бунёдкор» «Ал-Жаиш» тўсиғидан ўта оладими?

– Шунга астойдил ҳаракат қиламиз. Гуруҳ босиқичига чиқишимиз учун 7 февраль куни сафарда «Ал-Жаиш» клубини мағлубиятга учратишимиз керак. Бу жамоа айни пайт Қатар юлдузлар лигасида пешқадамлар сафида бормоқда, таркибида собиқ жамоадошимиз Сардор Рашидов тўп суряпти. Бу клуб ўтган мавсум ОЧЛнинг чорак финалига қадар етиб борди. Агар учрашувда ғалаба қозонсак, Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли», Эроннинг «Зоб-Оҳан» ҳамда БААнинг «Ал-Айн» клублари жойлашган «С» гуруҳини тўлдирамиз. Ҳозир бор эътиборимиз мана шу ўйинга қаратилган.

– «Ал-Жаиш» жамоасини ўрганишни бошладингларми?

– Мураббийлар штаби ва клубимизнинг масъул ходимлари рақиб жамоа ҳақидаги маълумотларни тўплашяпти. Қатар, умуман, араб жамоалари легионер футболчиларга таянган ҳолда ҳаракат қилишади. Майдонда катта ҳажмдаги ишни айнан хорижлик футболчилар бажаришади. Шуни инобатга олган ҳолда легионерлари ўрганиляпти. Шу жумладан, Сардор Рашидов ҳам ҳар қандай жамоа ҳимоячиларига жиддий хавф туғдира олади. «Плей-офф» битта ўйиндан иборат бўлади. Мазкур учрашувга ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли тайёргарлик кўриш мумкин.

– Олий лигага ташланган қуръа ҳақида нима дейсиз?

– Мен учун қуръа нисбий тушунча. Барибир, 15та жамоанинг барчаси билан икки даврада ўйнаймиз. Агар учрашувларга астойдил тайёргарлик кўрилса, «Барселона»ни ҳам ютиш мумкин.

Фикр билдириш