Views:
0

Менимча ҳамма касбда шундай, агар сен пул кетидан қувсанг, бутун умр шундай ўтиб кетасан. Вақт борида ўз устида ишлаган одамда бундай бўлмаслиги катта эҳтимол. Иккинчи тоифанинг кетидан одатда пулнинг ўзи қувиб келади.

Футболчи дўстларимнинг кўпи “Пахтакор” ҳақида гап кетганида нолиб қоларди. Жуда ёш вақтидаёқ 5 йиллик шартномага қўл қўйгани, ҳозир эса ундан қутила олмаётганидан эзиларди. Уларга нисбатан ачиниш ҳиссини сезмаганман. Чунки ўзим шунинг тарафдориман. Чамамда улар ўз устида ишлаш ҳақида эмас, янада кўпроқ пул топиш ҳақида ўйларди. Тўғри, пул ҳаммамизга керак. Бироқ фақатгина пулнинг кетидан қувадиган спортчи вақти келиб чўққига чиқиб олиши даргумон. Ўзбекистон футбол клублари боқимандаликка қандай кўниккан бўлса, футболчилар ҳам шунга ўрганиб қолиши керак эмас.

1 январь куни ўзбекистонлик футболчиларнинг 75 фоизи эркин агентга айлангани ҳақида хабар ўқиб қолдим. Ҳар йили бўладиган иш. Шу футболчилар январда сочилиб кетади, мутахассислар эса февралгача уларни бирма-бир йиғиб чиқади. Трансфер ойнасини эмас, мардикор бозорини кўпроқ ёдга соладиган манзара.

Додамнинг додаси мардикорга эҳтиёж сезса, уни уйига олиб келиб, олдин ош-овқат берган. Шу овқатни ейишига қараб, кейин ишдан сўз очган. Эркак киши овқатни қандай тановвул қилса, иши ҳам шундай бўлади, деб ҳисоблаган. Эзмаланиб овқат еган мардикорнинг қўлига 2 та нон тутқазиб, жавобини берган.

Бугуннинг футболчиси шундан фарқ қиладими? Додамнинг додасига ўхшаган мураббий футболчини чақириб, машғулотга қўшиб кўради. Ўзини кўрсатса, савол назари билан раҳбарга қарайди. Раҳбар савол назари билан футболчига қарайди. Футболчи кўтарма пули илинжида олдин мураббийга, кейин раҳбарга қарайди. Масала ҳал: 50 миллион пул, 1 йиллик шартнома ва тамом. 1 йилдан кейин шу ҳол такрорланади. Футболчига пул топиб берадиганларни эса соғин сигирга ўхшатаман. Унинг сутини ичиб юрганлар учун ўша футболчи 1 йил ўйнаб берса бўлди, кейинги йил шу клуб сути унга насиб қиладими ёки йўқ аниқ эмас. Қолгани Худога таваккал.

Бу эса футболни ортга тортаётган жиҳатлардан бири. Масалан “Бунёдкор” раҳбарига Элдор Шомуродов нима қилиб Москвада юрибди, деб савол берилса, хотиржам жавоб қайтаради. Чунки, Элдорнинг яна 1 йиллик шартномаси бор. Кимдир олиб кетишдан олдин ўша раҳбарнинг ёнига бир кириб чиқади ва клуб қўядиган нарх бўйича ҳисоблашади. Сардор Рашидовнинг шундай шартномаси бўлгани учун “Ал-Жайиш” яхшигина “йўталиб” кетганди.

Аввалроқ эса “Машъал” раҳбари отни қамчилаб қолган. Элдор халқаро майдонга кўриниш бериши даргумон бўлган “Машъал”да қолиб кетаверса, нари борса Илҳом Шомуродовдек бўлиши мумкин, дейлик. Бу билан Муборак клуби ҳеч қандай фойда кўрмайди. Яхшиси, ҳамманинг кўзини ўйнатиб турган Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровни тарбиялаб, 300 миллион эвазига “Бунёдкор”га сотади. “Бунёдкор” эса уларни ҳамма жойда реклама қилиб, терма жамоа даражасига олиб чиқиб, кейинроқ ҳар бирини 600 миллиондан сотади катта эҳтимол билан. Мана шу трансфер дейилади.

Одил Аҳмедовни олинг. У ҳам мен юқорида айтган дўстларим каби “Пахтакор” билан бир неча йиллик келишувга имзо чеккан. Бироқ нолиб юрмади. Сервер Жепаров, Тимур Кападзе каби футболчилар “Бунёдкор”га ўтиб, Аҳмедовдан 4-5 марта кўпроқ пул топиб юрганида сабр қилди, “Пахтакор” юкини тортиб юрди. Бу эса уни қандай даражадаги футболчига айлантирганини ҳамма кўрди. Ўз устида ишлаган Одил бугунга келиб Жепаров ва Кападзе олган ўша пуллардан 10 баробар кўпини топади. У бунга меҳнати билан эришди.

Аҳмедовни афзал билган клублар ҳеч қандай зарар кўрмади. Ҳам унинг кучидан фойдаланди, ҳам сотиб фойда қилди. “Пахтакор” ғазнаси 1,7 миллионга бойиганди, деб фараз қилайлик. Кейинроқ шу пулни сарф этган “Анжи” уни 4 миллионга пуллади. “Краснодар” эса Хитой клубига 7 миллионлик чекни кўрсатди. Мана шу трансфер дейилади. Агар Аҳмедов ҳам кўтарма пули илинжида 1 йиллик шартномаларга имзо чекиб юрганида, на “Пахтакор” ва на Россия клублари унинг ортидан фойда кўрарди.

“Краснодар” Аҳмедовни Хитой клубига вақтида сотди. Бир йилдан кейин совчилар унинг учун ҳозиргидек пул таклиф қилмаслиги ҳам мумкин эди. Ёши 30 га яқинлашиб олган Одил ҳам келажаги ҳақида ўйлаши турган гап. “Шанхай СИПГ” Россия клубларидан-да кўпроқ берадими, бориб ўйнайверади. Бу бизнес, буларнинг барида пухта режа ва ҳурмат қилишга арзигулик қарорлар ётибди.

Бизнинг боқиманда клублар эса соғин сигирдан олинган пул билан футболчини таъминлайди ва яна 1 йилдан кейин ўзи шу футболчига “қол, қол” деб ялиниб юради. Маркетинг, менежмент, замонавий структуранинг ўзи йўқ. Аксига олиб шундай клубларни танқид қилсанг, “водий жамоаларига осилма”, деб дод соладиган кишилар пайдо бўлади.

Гап кимгадир осилишда ёки кимнингдир нонини яримта қилишда эмас, ўртоқлар. Гап Ўзбекистон футболи ҳам вақти келиб, балки тезроқ замон талаби билан ишлашга ўтишида. Мана олинг, Жавлон Гусейнов Таиланд клуби, Бобур Акбаров Малайзия жамоаси сафига ўтди. Тай ва Малай клублари уларга пул берди, “Андижон”-чи? Улар ортидан бир тийин ҳам олмади, ўзи биринчи лигага тушиб кетди, тамом. Гусейнов ва Акбаров ҳеч нарса йўқотмади, “Андижон” эса… Хулоса ўзингиздан.

 

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ.

“Эрудит Спорт” нашридан олинди.

Добавить комментарий