Рост гап

Ишонасизми, Европа чемпионати ўтаётган даврда ўз терма жамоасини энг кўп танқид қилган мамлакат Португалия бўлган экан?! Роналду ватандошлари бирор бир ғалабадан эйфорияга тушиб қолишмаган. Жамоа улар хоҳлагандек ўйнамаганидан шикоят қилаверишган. Хўш, шу муносабат тўғрими? Албатта, турнирда муваффақият қозонмоқчи бўлганлар учун жуда муҳим. Мақтов деган сўзни луғатдан олиб ташлаш, вазиятни тўлақонли равишда айтавериш керак бўлади.

Енгдик. Чиройли енгдик. Гап бўлиши мумкин эмас. Гарчи бўлимларимиз турлича кечган бўлса-да, 3 очко эгасига айландик. Бабаяннинг юзи ёруғ бўлди. Лидерларимизнинг айримлари қатнашмаган баҳсда ҳам муваффақиятли ўйин кўрсата олдик. Ҳа, бу гапларни ҳозир ҳамма айтади ва бу гаплари билан ёлғончи бўлишмайди ҳам. Афсус, биз бунақа сўзлардан узоқроқдамиз.

Яна кўпларнинг машҳур ибораси бор: “Ғолиб муҳокама қилинмайди!” Бўлмаган гап, муҳокама ҳар доим бўлиши керак. Енгилганда ҳам, енгганда ҳам. Айниқса, ғалабали ўйиндан сўнг. Нега, дейсизми? Чунки мағлубиятга учраганимизда, жуда кўп сўзлар алам аралаш янграйди. Жаҳл ҳукмрон бўлганда, одам холисликдан узоқлашади. Гаплари аччиқ чиқади ва мағлубиятнинг асл сабабини излаш ўрнига, мураббийнинг шахсиятига ўтиб кетилади. Бу ҳам нотўғри ёндошиш. Зотан, ғалабали баҳсдан кейинги ҳар қандай таҳлил – ҳаттоки у танқид бўлса ҳам – эътиборга олишга арзирли бўлади.

Ҳозир Россия – 2018 саралаш турнири жадвалига қарайдиган бўлсак, кўзимиз қувонади. Терма жамоамиз мундиал йўлланмасини берувчи ўринлардан бирида турибди. Лекин бу нарса кўзларимизни алдаб қўймаслиги керак. Жаҳон чемпионатида қатнашмоқчимизми, португалияликлар муносабатини ўзимизда акс эттиришимиз лозим. Ғалабадан сармаст бўлмаган ҳолда, бу ғалабанинг тагидаги омилларни яхшилаб таҳлил қилиш, агар ростан ҳам бу ғалабада мураббийнинг қўли бор бўлган эрса, ўша қўлни кейинги ўйинда ҳам ишга солиш лозимлигини уқтириш, агар ғалаба голли вазиятдан хомиладор бўлиб туғилган бўлса, буни ҳам рўйи рост айтиш, тоинки эртанги ўйинларда бу қарашларимиз фойдадан холи бўлмасин…

Ҳа, биз олдиндан кайфият жамоасимиз. Кўпроқ миллатимиз табиатига хос бўлса керакки, иродали футбол намойиш этадиган мамлакатлар фуқароларига қарасак, уларни бошқа соҳаларда ҳам шундайликларини кўрамиз. Голдан кейин ўзгаришимиз ва энг ёмони – биринчи бўлимда ҳеч нарса қила олмаётганимиз ҳар доимгидек энг оғир паллаларда ўз бўйини кўрсатиб қўяди. Эрон шу ҳолатимизни жазолаб бўлди. Навбатдаги оғир баҳс Жанубий Корея билан кечади. Корейслар, бахтга қарши, иродали футбол намойиш этадиган миллат вакиллари… Жанубликлар билан ҳар доим қийналганмиз ва уларни мағлуб этишимиз жуда ҳам мушкул юмуш ҳисобланади. Мени Хитойни мағлуб этганимиз, мураббийини қатарликлар тренерига қўшиб “ҳайдаб юборганимиз” у қадар қизиқтирмаяпти. Мени қизиқтираётган нарса – кучли жамоалар билан бизга катта ташвиш туғдирадиган БИРИНЧИ БЎЛИМ муаммосини бартараф этиш. Бу хусусда Бабаянга журналистлар ҳам бир-икки савол йўллашди. “Эрталабгача савол-жавобга тайёр” мураббий бунга-да ўз услубида жавоб бериб, яъни аниқ жавобдан қочиб, бошқа нарсалар ҳақида гапирди.

Савол: Нега бизнинг биринчи бўлимларимиз бу қадар ёмон? Нега биринчи голни уришга бўладиган уринишларимиз узоқ кечади? Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Кимдир асосий таркибни белгилашда биринчи бўлимга тўла-тўкис жавоб берувчи йигитларни аниқлай олмаслик, деса, кимдир рақиб жамоани тўлалигача ўрганмаганимиз, дейди. Икки фикрга ҳам қўшиламан. Айниқса, биринчисига. Асосий таркиб борасидаги гап-сўзлар анчадан буён янграмоқда. Олдинги мураббийларда ҳам қўзғалган бу сўзлар охир-оқибат Бабаянни ҳам қийнаб қўймоқда. Бугунги кунда спорт формаси юксак бўлган ҳужумчини қайсарлик билан чақирмаётган ва ўйин сифати деярли ҳаммадан юқори бўлган Машариповнинг танаффусдан сўнг туширилаётгани ёш болага ҳам кўриниб турган камчилигимиз. Бироқ, ғолибни муҳокама қилмаслигимиз кераклиги учун ҳам бу гаплар айтилмай қолиб кетмоқда.

Биз мундиалга қачон чиқамиз? Бу саволга аллақачон жавоб топиб бўлганмиз: “Қачонки Эрону Кореяларни енгсак!” Бўлди. Хитою Қатарлар бизнинг асосий рақибимиз бўлмаган, бўлмайди ҳам. Нуқул шу эрону кореялар бизни ташлаб кетишади. Демак, биз фақат шуларни енгишга ўрганишимиз керак. Улар нуқул бизни енга олишгани боис, мундиалга боришади. Бизда ҳам шу йўл. Бошқа йўлнинг ўзи йўқ.
Кўза кунида синади, деган гап бор ўзбекларда. Ўша кунида синмаслиги учун Афанди ўғлини ҳар куни урган экан. Кеча кўзани синдирмади-ку, деб бир кун ҳам шу корини унутиб қўймаган экан. Биз ҳам ўша Афандининг изидан борамиз. Терма жамоамиз бошида турган “кўза” синиб қолмаслиги учун кучсизгина бўлса ҳам тарсаки йўллаб қўямиз. Ҳар куни. Ҳар ўйиндан сўнг. Португалиялик журналистларга ўхшаб охирида терма жамоага қўшилишиб байрам қилишимиз учун ҳам шундай қилишимиз керак.

Хайрулла ҲАМИДОВ.

Фикрлар

  • Abdulbosit Abdullayev 11 / 10 / 2016 Reply

    Endi Janubiy Koreya ham bor alamini bizdan olsa kerak.

  • Muzaffar 12 / 10 / 2016 Reply

    Hujumchi masalasida aytgan fikringizga qo’shilmayman. Temurxo’ja yuksak sport formasida bo’lsa ham baribir Igor Sergeyev undan zo’r, chunki Sergeyev Xitoy chempionatida Xalk va Burak Yilmazlar bilan birga o’ynayapti. Temurxo’ja esa qo’ylarni orasida bo’ri bo’lib yuribdi

    • Zuhriddin Djurayev 12 / 10 / 2016 Reply

      Nima keragi bor Halk Yilmaz bilan ùynashi
      “NOMI ULUĢ SUPRASI QURUQ”

  • Joni S 14 / 10 / 2016 Reply

    Igor Sergeev kuchli hujumchi, ammo ikkinchi qavatda uni tezligi juda pas, tezligi yo’q desa ham bo’ladi. Temurxo’jada esa tezlik bor. Bularni saviyasi teng, faqat tezliklari bilan ajralib turadi

  • Abrori 15 / 10 / 2016 Reply

    MTJ ga o’ziga ishonadigan futbolchi yetishmayapti. O’ziga ishonchi bor, hech bolmasa bitta uyinchini alday oladigan futbolchilarni yo chaqirishmayapti yoki chaqirishsa ham uyin tugashiga 6 minut qolganda maydonga tushirishyapti. Masalan J Masharipov da uziga ishonch bor lekin maydonda yoq. I. Tohtahojayev yahshi himoyachi lekin yahshi qanot himoyachisi emas. Manimcha hozirgi futbolda qanot himoyachisida tezlik, uziga ishonch, tehnika yahshi rivojlangan bolishi lozim.

  • Rasuljon Qodirov 15 / 10 / 2016 Reply

    Igor sergeev ham Abduxoliqov ham bir hil oyinchi ikkalasidayam tezlik yo’q

  • Kvartet Chelsea 17 / 10 / 2016 Reply

    Сергеев Темурхужадан хар жабхада кучли хатто хозирги холатида хам

Фикр билдириш