Россия терма жамоаси Евро—2016 да расво иштирок этганидан кейин рус футболи оммаси оёққа турди. Бундай пайтларда мамлакатнинг ярми камида Леонид Слуцкийга айланса, қолган ярми файласуфлик тўнини кийиб олади.

Россия терма жамоасини тарқатиб юбориш керак, деганлар бўлди. Қайсидир маънода уларнинг хитоби инобатга олинди. Футбол ўйнаш руслар учун эмас, деганлар бўлди. Қайсидир маънода балки қўшилса ҳам бўлар, бироқ бу муаммони ечиш эмас, ундан қочишга ўхшаб кетадиган вазиятни келтириб чиқаради. Энг сўнггида эса спортни шоу-бизнесга аралаштириб юборишди. “Юлдузлар фабрикаси” шоусини ташкил қилиб, футболчиларни шу йўл орқали терма жамоага саралаш керак, дейилди.

Шу жойига бемалол кулиб қўйишингиз мумкин. Истасангиз, ётиб олиб қаҳ-қаҳа отинг. Бунчалик эмас-да, одамлар, ҳар нарсанинг ҳам чегараси бор, дегим келди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрондан мағлуб бўлганидан кейин ёзилган фикрларга кўзим тушди, ўзимга бир неча хатлар келди: ҳақиқий иқтидорларни қишлоқ жойлардан излаш керак, деган. Жуда чиройли гап, буни ёзаётганлар ич-ичидан ёниб турганини, футбол ҳақида уни бошқариб турган айрим кишилардан-да кўпроқ қайғуришларини тушуниш қийин эмас. Бироқ тан олинг, бундай гаплар анча эскирди. Бир вақтлар чекка қишлоқда юрган одам “Ўтов” фильмидаги каби тараққиётдан ажралиб қолгандек бўлса, бугун Сломон оролларида яшайдиган қандайдир одамлар ҳам футзалнинг Жаҳон Чемпионатида юрибди.

Иқтидор чиқиб қолса, Қўнғиротдан бўлса ҳам топиб боришади, аниқ буниси. Футболни фақатгина бойларнинг боласи ўйнайди, деб ҳисобловчилар кичик мундиалларига бориб келаётган футболчиларни кутиб олиш учун аэропортга чиқаётган уларнинг ота-оналарини кузатиб кўришсин. Содда ўзбек, бошидан дўпписи тушмаган, онаси рўмолда, кийимлари одмироқ бўлган инсонлар. Ишонинг, улар фарзанди термада ўйнаши учун 1000 доллар у ёқда турсин, 100 доллар ҳам топиб бера олмаслиги мумкин. Бу билан футболда ҳамма нарса соф ва тоза дейиш фикридан йироқман, қўшиламан айрим мухлислар фикрига ҳам. Бироқ у сиз ўйлаган даражада сасиб кетмаган, кўнгилни бироз кенгроқ қилинг.

Қишлоқ жойдан чиқаётган иқтидорнинг иқтидори шаҳар марказига келаётганида камайиб, пойтахтга келгунича йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Маҳалласидаги ўзидан катта йигитларни алдаб юриши, унинг Месси бўлишини ҳали билдирмайди. Чунки ундан алданаётган йигитлар футбол “ф” ҳарфини ҳам тушунмаслиги мумкин. Зўрлар ичида зўр бўлиш эса умуман бошқа масала. Бу “Юлдузлар фабрикаси” ясаб, қўшиқ айттириш эмас. Оёғининг, кўкрагининг ёки кетининг чиройи билан танилиб кетиш, кимнингдир ўғли бўлгани учун қўшиқ айтиш спортда йўқ. Майдонни алдаб бўлмайди, у ҳаммасини кўрсатиб қўяди.

Оддий мисол, тўп билан ишлашни санъат даражасига кўтарган техникаси кучли йигитларни кўргансиз. Тўпни истаган нуқтасига узатиши ёки уни ерга туширмасдан 30 қаватли бинога бемалол чиқиши мумкин. Бироқ унинг ўзи ҳам кучли футболчи бўла олмаслигини яхши билади. Бу худди циркда жанглер қилишни яхши ўзлаштиришдек гап. Ҳақиқий спорт эса жуда катта кучни талаб қилади.

Мен ўзимни футболни яхши ўйнай оладиган бола сифатида билсам-да, айни ҳолатда ўша энг заиф Станислав Андреевчалик ҳам эмаслигимни тушунаман. Аниқроқ тепишим, яхшироқ узатишим ёки фикрлашим мумкин. Бироқ бир неча йиллардан буён футбол ичида юрган одамнинг кучига яқинлаша ҳам олмайман. Буни тушуниш учун катта майдонга чиқиб, у дарвозадан бу дарвозага 5 дақиқа югуриб кўришнинг ўзи кифоя.

Тўғри, бизда кучли мутахассислар деярли йўқ ҳисоби. Буни Эронга қарши ўйин ҳам кўрсатиб берди. Бутун учрашув давомида дарвозага битта аниқ зарба бера олмаганимиз шармандалик ҳақиқий. Жепаров ёки бошқа бир футболчидан аччиқланишга ҳақлисиз. Аммо тушунинг, мана шу йигитлар ўзбек футболининг бугунги кундаги энг кучли номлари ҳисобланади. Улардан кучлироғи бўлганида аллақачон ёриб чиққан бўларди.

Бабаян ёки бошқаси боримиз шу деса, ишониш йўқ. Шундай фикрлайдиганларнинг аслида бори шу, қолганига кучи ҳам, тафаккури ҳам етмайди. Тўғри, бу миллий терма жамоа эмас, бу Бабаяннинг жамоаси. Унинг каби ишлашни ҳамма билади. Ўйинларида ҳеч қандай мазмун ёки фалсафа кўрмадим.

Айтмоқчи бўлганим, ҳозир гап қишлоқ жойга бориб, тўп тепиб юрга одамнинг ёқасидан ушлаб олиб келишда қолмаган. Ўйини борлар катта футболга яқинлашиб келаверади, ҳар қанақасига. Ўзим гувоҳи бўлганман ўғлини Месси деб таништирган, бир йилдан кейин эса унинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тан олган ота-оналарни. Мен иқтидорлар кўп эканига ишонаман, бироқ уни парвариш қиладиган ва борини кўрсата оладиган инсон кўп эканига ишонтира олмайсиз. Биз футболдан олдин фикрлашимизни ўзгартирайлик, қолгани бир гап бўлади…

Блогпост "Эрудит" газетасининг 13 октябрь кунги сонида босилган

1 та фикр

  • demosfen 15 / 10 / 2016 Reply

    Yaxwi gapla bopti, no u kajdoe est svoe mnenie

Добавить комментарий