Чемпион Росси

 

Спортчилар ичида ўрнак қилиб кўрсатишга арзийдиганлари билан бир қаторда бундай шарафга нолойиқ бўлганлари ҳам кўп. Ҳамма ҳам хато қилади. Асосийси уни тан олиш ва ўша ишни қайта қилмаслик.

Бошга кулфат тушганда елкадош бўладиганлардан кўра ўзини олиб қочадиганлар кўпроқ бўлиши табиий. Ана шу лаҳзада инсон иродаси синалади. У ўзининг аслида нималарга қодир эканлигини исботлаши керак бўлади. Бугун ана шундай ирода соҳиби Паоло Россини эсга оламиз.

1979 йилда италиялик машҳур футболчи Паоло Росси тотализаторларга алоқадорликда айбланиб қамалди. Икки йилга футболдан четлаштирилди. Ўша пайтда “Перуджа” сафида майдонга тушиб юрган ҳужумчи “Авеллино” билан баҳсда иккита гол уриши ва ўйин дуранг натижа билан тугаши керак эди. Хуллас Россини ҳибсга олишди.

1982 йилги жаҳон чемпионати олдидан Италиянинг ўша пайтдаги бош мураббийи Энцо Беарзот олдида қийин танлов турганди: Россини жаҳон чемпионатига олиб кетиш ёки уни уйда қолдириш. Италиялик аксарият ишқибозларнинг фикрича Росси жаҳон чемпионатига бориши керак эмасди. Қамалиб чиққан, бунинг устига икки йил футбол ўйнамаган, келишилган ўйинлар билан шуғулланган футболчини терма жамоага жалб этиб бўладими? Қайсидир маънода улар ҳақ эди.

Бироқ мураббий ҳаммага ўхшаб фикрламади. Унинг олдида терма жамоани чемпион қилиш вазифаси турганди. Шундай экан чиқариладиган ҳар қандай қарор терма жамоа манфаатига хизмат қилиши керак эди. Беарзот ўз қарорини эълон қилди: Паоло Росси жаҳон чемпионатига боради. Мураббийни аҳмоққа чиқарганлар ҳам топилди. У эса ҳеч кимнинг гапига эътибор қилмади.

Футбол ишқибозларига маълум, ўша жаҳон чемпионати иккита гуруҳ босқичидан иборат бўлган. Дастлаб жамоалар 4 тадан олти гуруҳга бўлиниб ўйнаган. Дастлабки иккита ўринни олганлар учтадан тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда курашни давом эттирган.

Италия дастлабки гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда дуранг ўйнади. Аксига олиб Росси битта ҳам гол кирита олмади. Иккинчи гуруҳ босқичининг Аргентинага қарши биринчи беллашувида ҳам гол уролмади. Танқидчилар жағига зўр бера бошлади. Кейинги ўйин бразилияликларга қарши эди. Бу баҳсда Италия 3-2 ҳисобида ғалаба қозонди ва учала гол ҳам Россининг ҳисобига ёзилди!

Буёғига Россини тўхтатишнинг имкони йўқ эди, гўё. Ярим финалда Польша 2-0 ҳисобида мағлуб этилди. Росси дубль муаллифига айланди. Ваниҳоят финал.

Финалда Италияга қарши французларни пенальтилар сериясига кўра мағлуб этган Германия Федератив Республикаси тўп сурди. Ўйин итальянларнинг 3-1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади ва ўйинда ҳисобни айнан Паоло Росси очди.

Россининг дастлабки тўрт учрашувда битта ҳам гол уролмаганини таъкидладик. Бироқ у энг муҳим ўйинларда ўзини кўрсата олди. Айна шу дақиқаларда Рунийнинг бир гапи эсга тушди: “Яхши футболчилар ҳамма ўйинларда яхши ҳаракат қиладилар. Юлдуз футболчилар эса энг керакли учрашувларда ўзларини кўрсатадилар”.

Паоло Росси қамоқ ҳам, икки йил амалиётсиз қолиб кетиш ҳам асл истеъдодни синдира олмаслигини ҳаммага кўрсата олди. У талант эгаси курашувчан бўлиши кераклиги ҳақида барчага ўзига хос дарс бериб қўйди.

Шунинг учун ҳам у тарихда келишилган ўйин иштирокчиси сифатида эмас, Италияни жаҳон чемпионига айлантирган буюк футболчи сифатида қолади.

 

Темур Аъзам

Фикр билдириш