Views:
20

Бугун мамлакатимизда футбол байрами. Гарчи ўйин юртимизда бўлмаса-да, бизда Жанубий Кореядан кўра каттароқ байрам ҳукмронлик қилиши керак. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги энг муҳим ўйинларидан бирини ўтказмоқда. Шу пайтгача “мана шуниси муҳим” деб келганимиз аслида у қадар тўғри эмасди. Энг муҳими мана шу ўйин билан бошланади.

ДУРАНГДАН КЕЙИНГИ ҒАЛАБА

Бугунги учрашувнинг муҳимлиги, рақиб томоннинг бизга жуда таниш бўлиб қолганлигидир. Жанубий Корея биздан умуман қўрқмайди, биз ҳам аслан қўрқмай кетганмиз. Кўп енгилганмиз, тўғри, лекин кўп ўйнаганимиз боис, қўрқув ҳисси кўтарилган, деб ўйлайман. Япония билан ҳатто дуранг ўйнолмаётган пайтларимиз Қосимов ушбу ДУРАНГни амалга ошириб берганди. Кейин Абрамов бу дурангни меҳмонда ҒАЛАБАга айлантириб ташлади. Корея билан ҳам шу ҳолат. Дуранг ҳам анқонинг уруғи бўлиб турган паллаларда Қосимов бошчилигида ДУРАНГ қайд этилди. Миллати Абрамов билан бир бўлган мураббийдан ҳам ўша давомни кутишга ҳаққимиз бор-ку, тўғрими?! Тақдирни қарангки, буниси ҳам меҳмондаги баҳс ва яна қарангки, жуда кўпчилик рақиб бизни осонлик билан енгишини тахмин қилаётган паллаларда…

ИРИМЧИЛАР

Бугунги ўйин бизни анчайин ташвишга солган стадионида ўтишидан хабарингиз бор, албатта. Акмалнинг ўз дарвозасига гол уриб қўйганини эслаган корейслар ўша кунларни соғинишибди, шекилли, ўйинни Сеулдаги стадионга кўчиришган. Билишмайдики, таркибимизда улар суйган ҳимоячи йўқ. Аслини олганда, бугунги ўйинга стадионнинг у қадар таъсири йўқ. Мактаб стадионида бўлса ҳам Корея Кореялигини қилади барибир. Жанубликлар иримчилик қилаверишсин, зотан бизникилар бу масалада анча илгарилаб кетишган. Ҳеҳ, қаторасига нечанчи ўйиндаки кўк либосда ўйнаётган жамоага қарши ҳам шу ҳунарни кўрсатадими корейслар, ҳайронман!)

АЖАБЛАНИШ

Жанубий Корея матбуотининг ажабланган нарсасини ўқиб одамнинг энсаси қотди. “Бойвучча” кореяликлар наздида Ўзбекистон терма жамоаси чартер рейс билан учиши имконсиз юмуш, тавба!
Мен бошқа нарсага ажабландим. Канада терма жамоаси мураббийининг Жанубий Корея биздан кучлироқ ўйнаши мумкинлиги борасидаги гапига. Ҳар доим чартер рейсда учиб юрган жамоанинг тарихини билмаслик билан Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар натижаларини билмаслик тенг бўлса керак, а?! Бу масалада ҳам биру бир.

КЕЛДИ ОЧИЛУР ЧОҒИНГ…

Жамоамизнинг энг кучли чизиғи бу, ярим ҳимоя. Унда етакчиларимиз ҳаракат қилишаётгани сир эмас. Деярли ҳамма баҳсда айнан шу чизиқда ўйнаётган йигитларимиз бошқа чизиқдаги айбларни беркитиб келишмоқда. Эндиги рақиб жиддий. Унинг ярим ҳимояси янада кучлироқ. Аксига олиб, ҳужуми ҳам дурустгина.
Тарихга назар солсак, Жанубий Кореядан мағлуб бўлган ҳамма ўйинимизда асосан ярим ҳимоячиларимизнинг нўноқлиги сезилиб турган. Охирги пайтда кўряпмизки, ярим ҳимояда ўйнаётган йигитларнинг ҳолати ёмон эмас. Лекин бугун ҳимоя ва дарвозадаги муаммоларимиз ҳам бўй кўрсатиб қолиши мумкин. “Барса”да ҳаттоки МСН ҳам жамоанинг кемтик жойларини ёпишга қийналаётган бир пайтда, бизникиларга Худо тўзим берсин-да ишқилиб.

БАЙРАМ БИЛАН…

Келинг, байрамона кайфиятингизни бузмайлик. Ўзи шундоғам хавотир катта. Ундан кўра, асосий мақсадга кўчайлик. Ахир,
… Эрта тонгдан туриб, бугунги кунингизни футболга қараб режалаштиргансиз, тўғрими?!
… Ҳаммасини шу – футболга қараб белгиладингиз-ку, нимасини яширасиз?!
… Оғир ва муҳим ўйинимизни томоша қилишга ҳозирлик кўришни кеча кечқурундан бошлаб юборганингиз-ку!
… Уялманг, айтаверинг! Ё ёлғонми?
… Дўстингизга қўнғироқ қилиб, футболни эслатиб қўйганингиз ёлғонми?
… Сал вақтлироқ бир уйда томоша қилишни режалаштирган бўлсангиз ҳам айтаверинг, уят жойи йўқ.
… Хуллас, катта футбол байрамига тайёргарлик кўраётганингиз очиқ ҳақиқат.

Футболда баъзан ҳисоб-китоблар эмас, ҳиссиёт ҳал қилади, деган машҳур гапни айтган Кройффга ишонамиз-да, бугунги ўйинда терма жамоамиздан барибир яхши натижа кутаверамиз. Эртага корейс халқига ўз матбуоти орқали мураббийининг ишдан олингани ҳақидаги мақолаларни ўқиш насиб этсин, деймиз. Бир биз ҳам байрам қилайлиг-ей…

Хайрулла Ҳамидов

Фикрлар

  • milano23 15 / 11 / 2016 Reply

    G’alaba bizga nasib qilisin!

  • Xushnudbek Akbarov 15 / 11 / 2016 Reply

    Hech qachon bu insonni maqolalaridan zerikmaysan kishi. Manga eng yoqadigan tomoni doim maqola har xil yosinda yoziladi.

    O’yin uyoqda bo’lishini hisobga olsak, qiyin kechadi-yu, ammo bizga bitta tomonda ham qo’l kelishi mumkin. Sababi biznikilar uyda hayajonlanadi. Bugun tezkor futbolchilar bilan harakatlanish kerak. Sababi Koreslar tez va ularni uslubiga o’z stilida javob berilishi lozim. Ular hozir bizni tezlikdagi holatimizni hisobga olmasdan, boshqa rejalar ustida bosh qotirayotgani aniq.

  • Xurshid Abdiraimov 15 / 11 / 2016 Reply

    yana bir marta qoil UDAR MAQOLAlardan tv ga qachon qaytasiz aka

  • Orzubek Narziev 15 / 11 / 2016 Reply

    Хамма маколаларингиз ажойиб чикади! Койил! Бугунги уйинда эсо йигитларга омад!!!!!!

Добавить комментарий